Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яна бир халқаро шартнома Ўзбeкистон учун кучга киради
17:45 / 2020-09-16

Мазкур Баённома Ўзбекистон томонидан 2019 йил 25 июндаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ратификация қилинган.


Халқаро меҳнат ташкилотининг 1930 йил қабул қилинган Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-сонли конвенциясига Баённома (Женева, 2014 йил 11 июнь) 2020 йил 16 сентябрдан Ўзбекистон Республикаси учун кучга киради. 

Мазкур Баённома Ўзбекистон томонидан 2019 йил 25 июндаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ратификация қилинган.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ХМТнинг барча 8 та фундаментал конвенцияси иштирокчиси ҳисобланади. Мазкур Баённома эса фундаментал конвенциялардан бири, яъни ХМТнинг 1930 йилдаги Мажбурий меҳнат тўғрисидаги конвенциясининг таркибий қисми ҳисобланади. Ўзбекистон ушбу конвенцияга 1992 йил 13 июлда аъзо бўлган.

Баённома Конвенциядаги эскирган ва бугунги кун воқелигига жавоб бермайдиган бир неча қоидаларни чиқариб ташлаш ҳамда Конвенцияни мажбурий меҳнат мақсадидаги одам савдоси каби иллатга қарши самарали курашишга имкон берувчи нормалар билан тўлдириш мақсадида қабул қилинган.

Ушбу ҳужжат мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, мажбурий меҳнат қурбонларини ҳимоя қилиш ва ҳимоя воситаларидан фойдаланишни таъминлаш бўйича янги мажбуриятларни белгилайди, соҳадаги халқаро ҳуқуқий асосни мустаҳкамлайди.

Баённома қоидаларига мувофиқ ХМТнинг ҳар бир аъзоси:

1. Иш берувчи ва ходим манфаатини ҳимоя қилувчи ташкилотлар билан маслаҳатлашув асосида узоқ истиқболда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш мақсадида миллий сиёсат ва ҳаракат режасини ишлаб чиқади.

2. Қуйидаги чора-тадбирларни кўради:

алоҳида ҳимояга муҳтож шахсларнинг мажбурий меҳнат қурбонига айланишига йўл қўймаслик мақсадида уларни ўқитиш ва хабардорлигини ошириш;

мажбурий меҳнатга оид қонунчиликнинг амал қилиш доираси барча ходимларга ва иқтисодиётнинг барча тармоқларига тадбиқ этилиши учун тегишли саъй-ҳаракатларни амалга ошириш;

давлат ва хусусий секторнинг мажбурий меҳнат хавфининг олдини олишга қаратилган фаолиятини қўллаб-қувватлаш;

мажбурий меҳнат хавфини оширадиган асосий сабаблар ва омилларни аниқлаш.

3. Мажбурий меҳнат қурбонларини аниқлаш, озод қилиш, ҳимоя қилиш ва реабилитация қилиш бўйича ҳамда бошқа турдаги ёрдам ва қўллаб-қувватлаш чораларини кўради.

Баённомада иштирок этиш миллий қонунчиликни халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ такомиллаштиришга ҳамда республиканинг ХМТ билан мажбурий меҳнатни тугатиш соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантиришга хизмат қилади.