Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яна бир чегара божхона постида «Е-ТIR» лойиҳаси ишга туширилди
17:54 / 2021-05-06

Бугунги кунда мамлакатимиз божхона органларига илғор ва инновацион технологияларни кенг татбиқ этиш ва соҳани рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 5 июндаги «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони билан божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш, «қоғозсиз ва электрон божхона»нинг мантиқий давоми ва ривожланиши бўлган «рақамли божхона»ни шакллантиришга муҳим ҳуқуқий асос яратилди.

Мазкур фармон билан тасдиқланган 2020-2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш концепцияси ҳамда уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ижроси доирасида божхона процедураларини рақамлаштириш бўйича режали ишлар олиб борилмоқда.

Концепцияда халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатларнинг божхона хизматлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида амалга ошириладиган қатор тадбирлар белгилаб олинган. Шулардан бири – Ўзбекистон Республикасида ташувларни электрон расмийлаштиришни назарда тутувчи «Е-ТIR» лойиҳасини жорий этишни назарда тутади.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси «Ойбек» чегара божхона постида мазкур лойиҳанинг дастлабки тақдимоти бўлиб ўтди.

«Е-ТIR» лойиҳаси қонунийликни таъминлаш, давлат бюджетига божхона тўловларини тўғри ва тўлиқ ундириш, божхона қонунбузулишларига чек қўйиш каби вазифалар билан бир қаторда, божхона расмийлаштирувини енгиллаштириш орқали ташқи савдони жадаллаштириш имконини беради. Айни шу жиҳати билан «Е-ТIR» лойиҳаси божхоначилар, ташувчилар ва албатта, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг манфаатларига бирдек хизмат қилади.

Электрон ТИР лойиҳаси – халқаро «Е-ТIR» тизими 1975 йил Женевада имзоланган Юкларни халқаро йўлларда ташиш дафтарчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги Божхона конвенцияси қоидаларига мувофиқ миллий божхона тизимлари ўртасида товар ва транспорт воситалари, контейнерларнинг халқаро транзити учун хавфсиз маълумотлар алмашинувини таъминлашга хизмат қилади.

«Е-ТIR» пилот лойиҳаси дастлабки босқичда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги «Яллама» чегара божхона постида ишга туширилган эди. «Ойбек» чегара божхона пости навбатдагиси бўлди.

«Е-ТIR» тизимининг жорий этилиши ташқи савдода ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, мамлакатнинг экспорт ва транзит салоҳиятини ошириш, шунингдек, ишончли ва хавфсиз йўл транспорти коридорларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА