Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яна бир Airbus A320 neo ҳаво кемаси кутиб олинди
17:56 / 2023-12-30

Жорий йилнинг 29 декабрь куни Uzbekistan Airways авиакомпанияси 2023 йилдаги бешинчи Airbus A320 neo ҳаво кемасини кутиб олди. Янги авиалайнерни қабул қилиш учун Францияга кетган авиакомпаниянинг парвоз ва техник ходимлари Airbus концернининг Тулузадаги завод аэродромида барча зарур текшириш синовларини ўтказди. Мазкур авиалайнер маҳаллий вақт билан соат 08:00да Тошкент томон парвоз қилди ҳамда 6 соату 40 дақиқадан сўнг Ўзбекистон пойтахтига келиб қўнди.

Ҳаво кемаси BOC Aviation Limited компаниясидан узоқ муддатли ижара асосида сотиб олинган. Шундай қилиб, жорий йилда бешта Airbus ҳаво кемасини етказиб бериш режаси муваффақиятли амалга оширилди. Эътиборлиси, авиалайнер Uzbekistan Airways ҳаво флотига Янги 2024-йил арафасида етиб келди. Тошкент аэропортида ҳаво кемасини авиакомпания раҳбарияти, ходимлари ва уларнинг фарзандлари тантанали кутиб олишди ва самолётдаги қулайликлар билан яқиндан танишишди.  

- 186 нафар йўловчига мўлжалланган Airbus A320neo самолётини олиб келдик, - дейди  Airbus A320neo кема сардори  Жамшидбек Одилов. – Бу самолётимиз жуда қулай, тежамкор, автоматлашган, учувчилар иши енгилаштирилган. Агар эҳтиёт қилиб ишлатсак 40-50 йил хизмат қилади.  

Ҳаво кемаси тажрибали инструктор учувчилари бошқарувида олиб келинди. Айтиш керакки, авиакомпаниянинг бутун жамоаси – учувчилар, борткузатувчилар, авиатехниклар, ердаги хизмат кўрсатиш мутахассислари йилни яхши натижалар билан якунлаш учун бор куч-ғайратларини ишга солишди. Натижада авиакомпания 2022-йилда 3,9 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатган бўлса, жорий йилда куни кеча 5 миллионинчи йўловчи ҳам тантанали кутиб олинди.  

 - “Uzbekistan Airways» авиакомпанияси бу йилга буюртма қилинган сўнгги Airbus A320 neo самолётини қабул қилиб олди, -дейди “Uzbekistan Airways» АЖ  раиси ўринбосари Шуҳрат Ёдгоров. – Бу 22 самолёт ҳисобланади. Хабарингиз бор кечанинг ўзида “Uzbekistan Airways» авиакомпанияси 5 миллион йўловчини қабул қилган. Бу самолётларимиз кейинги йилга йўловчилар сонини янада оширишга хизмат қилади.  

Йўловчилар оқимини кўпайтириш, ҳаво кемалари паркини тўлдириш, янги йўналишларни очиш, турли об-ҳаво шароитида  сифатли парвозни таъминлаш – бу вазифаларнинг барчаси муваффақиятли ҳал қилинди ва Uzbekistan Airways 2024-йилга янги режалар ва мажбуриятлар билан қадам қўймоқда.  

Янги авиалайнер аллақачон жадвалга киритилган. У ўзининг илк парвозини маҳаллий йўналишда амалга оширади.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/fOMEnpmgiCc?si=sRyQ1UnUIfxkifbb" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Санжар Тошпўлатов,

Дониёр Якубов,

ЎзА