Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яна 173 нафар қатағон қурбонининг номлари оқланди
18:56 / 2022-12-19

Мустабид тузум даврида ноҳақ айбланган, мол-мулки мусодара этилиб, ўзлари қувғину қатағонга дучор этилган аждодларимиз ҳақида яхши биламиз.

Лекин йиллар ўтса-да улар орасида пок номлари ҳамон қора рўйхатларда қолиб кетган, яъни оқланмаганлари бор.  

Балки кимдадир ўлиб кетган одамларни оқлашга ҳожат борми, деган савол туғилар. Аммо ноҳақ айбланган бундай одамларни оқлаш уларнинг хотирасига ҳурмат кўрсатиш, авлодларига таскин ва умид бериш, дегани.  

Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши асосида қатағон қурбонларининг номларини тиклаш ва хотирасини абадийлаштириш ишлари олиб борилмоқда.  

Қарор асосида Қатағон қурбонларининг меросини чуқур ўрганиш, уларнинг хотирасини абадийлаштириш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш Республика ишчи гуруҳи тузилган. Қатағон қурбонларининг номларини тиклаш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланиб, амалга оширилмоқда.  

Илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш жараёнида аниқланган, айрим сабабларга кўра реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонлари номларини оқлаш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар киритилмоқда.  

[gallery-10011]

Олий судда муайян сабабларга кўра реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонларининг номларини оқлаш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш масалалари бўйича ишларни амалга ошириш мақсадида ишчи гуруҳи ҳам тузилган.  

Амалга оширилган ишлар натижасида Совет даврида қатағон қилинган 235 нафар ватандошимиз реабилитация қилиниб, оқланди.  

Олий судга яна 173 нафар шахсга оид 4 та жиноят иши келиб тушган ва ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилган.  

Бош прокурор ўринбосари томонидан юқорида кўрсатилган жиноят ишлари юзасидан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция протестини бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномалар ҳамда апелляция тартибида протестлар келтирилган.  

Жиноят ишлари бўйича Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисларида келтирилган ушбу илтимосномалар ва протестлар кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди.  

Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан жами 4 та жиноят иши бўйича 173 нафар шахсга нисбатан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг оқлов ҳукми чиқарилди.  

Шу тариқа адолат қарор топди, йиллар мобайнида юзага чиқмай келган ҳақиқат тантана қилди. Мустақиллик йўлида жонини фидо қилган қатағон қурбонларининг пок номлари оқланди.  

Норгул Абдураимова, ЎзА