Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яна 100 та иш ўрни яратилади
17:12 / 2026-01-06

Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги Қаҳрамон маҳалласида жойлашган “Элиса” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқариш қувватларини ошириш орқали қўшимча 100 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда.

Айни пайтда корхонада 60 нафарга яқин хотин-қиз доимий иш билан таъминланган бўлиб, янги лойиҳа амалга оширилиши маҳаллада бандликни янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Бу ҳақда Ховос тумани ҳокими Қомус Йўлдошевнинг корхонага ташрифи чоғида маълум қилинди. Учрашувда корхона раҳбари Абдулазиз Манқулов ҳамда хорижий ҳамкорлар иштирок этиб, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги ускуналар ўрнатиш ва экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

–  “Элиса” МЧЖ да ишлаб чиқаришни босқичма-босқич кенгайтириш учун етарли имкониятлар мавжуд. Айни пайтда корхонамиз тўқимачилик маҳсулотларининг бир нечта турини ишлаб чиқармоқда. Мавжуд биноларни тўлиқ ишлаб чиқаришга мослаштириш ва замонавий ускуналар ўрнатиш орқали иш ҳажмини бир неча баробар ошириш мумкин. Энг муҳими, маҳаллий хотин-қизларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Янги қувватлар ишга туширилса, келгуси йил бошидан қўшимча 100 та иш ўрни яратишга тайёрмиз, – деди корхона раҳбари Абдулазиз Матқулов.  

Шунингдек, корхона томонидан тайёр маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш бўйича бир қатор экспорт шартномалари имзолангани қайд этилди. Узоқ йиллар давомида фойдаланилмаган бино ишлаб чиқариш талабларига мослаштирилиб, фаолият йўлга қўйилгани маҳаллада иқтисодий фаолликни оширишга хизмат қилмоқда.

Бироқ маҳсулотларни экспорт қилиш учун зарур бўлган сертификатларни расмийлаштириш ҳамда ижара шартномаларини тузишда айрим ташкилий муаммолар мавжуд. Учрашув якунида ушбу масалаларни ижобий ҳал этиш бўйича масъул ташкилотларга аниқ топшириқлар берилди ҳамда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш устувор вазифа экани таъкидланди.

Янги иш ўринлари ташкил этилиши орқали “Элиса” МЧЖ фаолияти нафақат маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш, балки ҳудуд саноат салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири