Яманда савдо кемаси чўкиб кетди
Яман соҳили яқинида ҳужумга учраган савдо кемаси Қизил денгизга чўкиб кетганга ўхшайди, сув юзасидаги кема парчалари ва ёнилғи изи шунга ишора қилмоқда, деб хабар тарқатган Буюк Британия денгиз савдо амалиёти бошқармаси (UKMTO).
Ўтган ҳафта Британиянинг денгиз хавфсизлиги масалалари билан шуғулланувчи “Ambrey” компанияси 12 июнь куни Ямандаги Ҳудайда порти яқинида савдо кемасига ҳужум уюштирилганини маълум қилган эди.
Ўшанда икки снаряд зарбаси натижасида кемада ёнғин чиққани, кейинроқ учинчи снаряд келиб урилгани ёзилган. Аввалига вазият назоратда ушланиб, ёнғиннинг олди олинган ва кема сузишда давом этган. 15 июнда экипаж қутқарилган. Шундан сўнг сув юзасида кема парчалари, ёнилғи қолдиғи топилган. Тахмин қилинишича, кема чўкиб кетган.
Хабарда айтилишича, мазкур ҳудуд Яман хусийлари назорати остида.