Яман қирғоқларида қайиқнинг чўкиб кетиши оқибатида 13 муҳожир ҳалок бўлди
Яманнинг Таиз қирғоқлари яқинида ноқонуний муҳожирларни олиб кетаётган қайиқнинг ағдарилиши оқибатида 13 киши ҳалок бўлди, яна 14 киши бедарак йўқолган.
Бу ҳақда БМТ Халқаро миграция ташкилотининг (ХМТ) ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилинди.
Фожиа 20 август куни рўй берган. Кема бортида 25 нафар Эфиопия ва икки нафар Яман фуқароси бўлган.
“Ўлганлар орасида 11 эркак ва 2 аёл бор. Қурбонларнинг жасадлари Aл-Шўра яқинидаги Баб Ал-Мандеб қирғоғида топилди”, -дейилади хабарда.
ХМТнинг Ямандаги миссияси раҳбари ўринбосари Метт Хубернинг таъкидлашича, мазкур фожиа муҳожирлар билан юз берадиган хавф-хатарларни яққол эслатиб туради.
– Биз бу ҳалокатли йўқотишларни тартибга сола олмаяпмиз. Муҳожирларни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш учун жамоавий саъй-ҳаракатларни амалга ошириш жуда муҳим, -деди Хубер ўз интервьюсида.
ЎзА