Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда.
Унда депутатлар дастлаб мамлакатимиз ишбилармонлик ҳаётида тарихий дея эътироф этилаётган муҳим воқелик – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотидаги маърузасида кўтарилган янги ташаббуслар ва белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, депутатлик корпуси олдида турган устувор вазифаларни муҳокама қилди.
Халқ вакиллари қайд этганидек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Охирги беш йилда бу соҳани ривожлантиришга қаратилган 2 мингга яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинган. Уларга асосан 114 та лицензия ва рухсатнома бекор қилиниб, 33 та фаолият тури хабардор қилиш тартибига ўтказилган.
Мажлисда жорий этилаётган бундай имтиёзлардан кўплаб мисоллар келтирилди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил биринчи ярмидаги якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисобот ҳам қизғин муҳокамалар марказида бўлди.
Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси молия вазири Темур Ишметов маъруза қилди.
Жорий йилнинг январь-июнь ойлари натижаларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 6,2 фоизга ўсган. Шу вақт давомида республикамиз ЯИМ ҳажми 318,5 триллион сўмни ташкил этиб, иқтисодий ўсиш саноатда 8,5 фоизга, қурилишда 0,1 фоизга, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида 1,8 фоизга ҳамда хизматларнинг 8,0 фоизга ўсиши таъминланган.
[gallery-3557]
Мажлисда депутатлар ҳисобот даврида айрим вазирлик, давлат қўмиталари ва идоралари томонидан харажатларнинг ўзлари томонидан тасдиқланган режага нисбатан кам ижро қилингани, хусусан, жорий харажатлар ва капитал қўйилмалар тўлиқ ўзлаштирилмаганига эътибор қаратиб, йил якунига қадар ушбу йўналишларда йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф қилиш юзасидан соҳаларда пухта ва тизимли тадбирларни амалга оширишни таклиф этдилар.
Мажлисда сиёсий партиялар фракциялари вакиллари ҳам ўз нуқтаи назарларини баён қилиб, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, бюджет ташкилотларида молиявий интизомга амал қилиш юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Ялпи мажлисда Қонунчилик палатасидаги барча фракция раҳбарларининг фикр-мулоҳазалари эшитилгач, қизғин, амалий ва танқидий руҳда кечган савол-жавоблардан сўнг, Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил биринчи ярмидаги ижроси якунлари тўғрисидаги ҳисобот юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Нурилло Насриев, ЎзА