Парламент қуйи палатаси мажлисида депутатлар электрон тижорат соҳасини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилди.
Мазкур қонун лойиҳаси электрон тижоратнинг шаффоф ва очиқ экотизимини яратиш, электрон тижорат платформалари ва сервисларини жадал ривожлантиришга қаратилган.
Ушбу қонун лойиҳаси палатанинг шу йил 6 январь куни бўлиб ўтган мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан уни янада такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар берилган эди.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида электрон тижорат соҳасидаги истеъмолчилар муомаласига кириб бораётган янги йўналишлар — электрон савдо платформаси, буюртмалар агрегатори ва рақамли стриминг хизмати ҳамда уларнинг операторлари тушунчалари аниқлаштирилди.
Шунингдек, трансчегаравий электрон тижорат атамасига таъриф берилиб, унинг тартиб таомилларини ишлаб чиқиш зарурлиги тўғрисидаги қоидалар киритилди.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида электрон тижорат билан боғлиқ хизмат кўрсатиш ва савдо муносабатларида истеъмолчиларга танлов қилиш жараёнида шаффофликни таъминлаш ҳамда улар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор ўзгартиришлар ҳам киритилди.
Хусусан, электрон тижорат операторларига истеъмолчилар томонидан шарҳлар қолдириш имкониятини яратиш, уларни ўзгартирмаслик ва сақланишини таъминлашга оид мажбуриятлар белгиланди.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Наркожиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
Мажлисда гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.
Хусусан, Жиноят кодексидаги гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар, шунингдек кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар сифатида алоҳида бобга бирлаштирилмоқда.
[gallery-27584]
Шунингдек, Жиноят кодексидаги мазкур бобда наркотикларнинг ноқонуний муомаласига ҳокимият (мансаб) ваколатларини суиистеъмол қилиш йўли билан ҳомийлик (раҳнамолик) қилиш ҳамда ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш ва унинг фаолият юритишини таъминлаш каби қилмишлар учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи янги нормалар белгиланмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга эса гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни жамоат жойларида истеъмол қилганлик учун жавобгарлик белгилаш назарда тутиляпти. Бундан ташқари, бу турдаги жиноятларни қайта содир этилишининг олдини олиш мақсадида жиноий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Маъмурий суд ишларини юритишда янги босқич: фуқаро манфаатлари устувор
Депутатлар томонидан кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат — маъмурий суд ишларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси бўлди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан, фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий, халқаро стандартларга мос механизмларини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Шу мақсадда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга, шунингдек, “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиляпти.
Қонун лойиҳасида маъмурий суд ишларини юритиш самарадорлигини оширишга хизмат қиладиган янги институт ва тартиблар ҳам назарда тутилмоқда. Хусусан, маъмурий судларда дастлабки эшитув институти жорий этилмоқда. Ушбу босқич суд муҳокамасигача далилларни тўплаш, даъво талабларини аниқлаштириш ҳамда тарафларни келиштириш имконини яратади. Бу эса ишларни кўриш муддатларини қисқартириш ва ортиқча харажатларни камайтиришга хизмат қилади.
Қонун лойиҳасида “ишончнинг ҳуқуқий ҳимояси” принципи ҳам мустаҳкамланмоқда. Унга кўра, давлат органининг қарор ёки ҳужжатига ишониб, виждонан ҳаракат қилган фуқаро ёки тадбиркорнинг ҳуқуқлари қатъий ҳимоя қилинади. Давлат органининг хатоси учун ҳалол фаолият юритган шахс жавобгар бўлмаслиги қонун даражасида кафолатланади.
Шунингдек, давлат органлари мансабдор шахслари асоссиз сабаблар билан суд мажлисига келмаган тақдирда, уларга нисбатан суд жарималари қўлланилиши белгиланмоқда. Маъмурий судга ҳурматсизлик қилганлик ёки суднинг хусусий ажримларини ижро этмаганлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш ваколатининг бевосита маъмурий судларнинг ўзига берилиши эса суд ҳокимиятининг нуфузи ва таъсирчанлигини янада мустаҳкамлайди.
Муҳокамалар давомида депутатлар мазкур ҳужжат давлат органлари фаолияти устидан самарали суд назоратини таъминлаш, тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш ва энг муҳими, фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Судларга мурожаат қилиш тартиби янада соддалаштирилмоқда
Фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун судларга мурожаат қилишда янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан Жиноят-процессуал ва Иқтисодий процессуал кодексларга, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга, шунингдек, “Судлар тўғрисида”ги ҳамда “Давлат божи тўғрисида”ги қонунларга қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, маъмурий суд ишларини юритишда ҳуқуқи бузилган шахснинг танловига кўра, иқтисодий суд ишларини юритишда эса тарафларнинг келишувига асосан экстерриториал судлов механизмини жорий этиш таклиф этилмоқда. Бунда ишни экстерриториал тартибда кўрадиган суд автоматлаштирилган ахборот тизими орқали белгиланиши кўзда тутилган.
Шунингдек, иқтисодий судлар тузилмасини оптималлаштириш орқали улар фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда ягона суд амалиётини шакллантириш мақсад қилинган. Бунинг доирасида туманлараро, туман ва шаҳар иқтисодий судлари тугатилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда вилоят марказларида туманлараро иқтисодий судлар фаолиятини йўлга қўйиш белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасидаги яна бир муҳим янгиликка кўра, агар қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилган бўлса ва даъво аризаси мазкур иш доирасида кўрилиши лозимлиги сабабли кўрмасдан қолдирилса, тўланган давлат божи қайтарилиши белгиланмоқда.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Парламент назорати фаолиятининг асослари янада мустаҳкамланмоқда
Мажлисда бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган — парламент назорати фаолиятининг асосларини янада мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги Конституциявий Қонунларга парламент қўмиталари томонидан давлат органлари раҳбарларининг Конституция ва қонунларни, давлат дастурларини ижро этиш, шунингдек ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларни амалга ошириш бўйича ахборотини эшитиш ваколатини мустаҳкамлашга қаратилган ўзгартириш киритилмоқда.
Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги Қонунга қўшимча киритилиб, депутат ва сенатор палатага ҳисобдор орган ёхуд мансабдор шахснинг ҳисоботи ёки ахборотини нафақат палата мажлисида, балки эндиликда ўзи аъзо бўлган қўмита мажлисларида ҳам эшитиш тўғрисида таклиф киритишга ҳақлилиги назарда тутилмоқда.
“Парламент назорати тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддаларига ҳам ўзгартириш киритилиб, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қўмиталари томонидан давлат органлари раҳбарларининг Конституция ва қонунларни, Олий Мажлис палаталари ва уларнинг органлари қарорларини, давлат дастурларини ижро этиш, шунингдек ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларни амалга ошириш бўйича ахборотини эшитиш ваколати аниқ белгиланмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси парламент назоратини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга, давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг ўз фаолияти юзасидан ҳисобдорлигини оширишга ҳамда Конституция ва қонунлар, давлат дастурларининг бажарилиши юзасидан парламент томонидан тизимли назорат ўрнатилишига хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи қабул қилинди.
Нурилло Насриев, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА