Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Уна депутатлар бир қатор қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар.
Йиғилишда дастлаб, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Мазкур масала юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов маълумот берди:
— Мамлакатимизда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси фаолиятини тартибга солувчи бирон-бир қонун мавжуд эмас, — деди маърузачи. — Бу соҳадаги ижтимоий муносабатлар идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тартибга солиниб келинмоқда. Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси соҳасидаги ваколатли органлар, уларнинг бу борадаги асосий фаолият йўналишлари ҳамда коррупцияга қарши экспертиза ўтказиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар доираси назарда тутилмоқда. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига юклатилган вазифаларни тўлақонли амалга оширишга имкон беради. Энг муҳими, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг норматив-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Мажлисда депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан мулоҳаза ва таклифларини билдирдилар, аниқлаштирувчи саволлар билан мурожаат қилдилар. Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Электрон рақамли имзо олиш осонлаштирилади
Бугунги ахборот технологиялари даври инсониятга қатор қулайликларни тақдим этмоқда. Хусусан, электрон рақамли имзо турли оворагарчиликларни бартараф этиш, сарф-харажатларни камайтиришда қулай ҳисобланади. Мажлисда депутатлар электрон рақамли имзо калитлари олишни осонлаштириш, ундан фойдаланишни янада соддалаштириш, сарф-харажатларни камайтиришга қаратилган “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда атрофлича муҳокама қилдилар.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳасида белгиланаётган нормалар электрон рақамли имзодан фойдаланишда юзага келадиган тўсиқларнинг олдини олиш, жамиятда электрон рақамли имзонинг ҳуқуқий аҳамиятини кучайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, фойдаланувчиларга электрон рақамли имзо калитларини бериш жараёни соддалаштирилади ва тезлаштирилади. Бу эса электрон давлат хизматларини тақдим этиш имкониятларини оширади.
Қонун лойиҳасига асосан ишончли учинчи томон ташкил этилиши билан хорижий давлатнинг электрон рақамли имзоси Ўзбекистон Республикасида тан олинади. Ишончли учинчи томон хизматининг яратилиши билан нафақат йирик, балки ўрта ва кичик ҳолдаги инвесторларнинг ҳам ўз инвестицияларини ҳимоя қилиш, бизнес фаолиятини кенгайтириш имконини беради.
Электрон рақамли имзо калитлари сертификатларини қоғоз кўринишида бериш амалиёти тугатилади. Шунингдек, фойдаланувчиларга доимий равишда ўзи билан маълумот ташувчи қурилмаларни (флешка) олиб юришга ҳожат қолмайди. Бу эса, ўз навбатида, рўйхатга олиш марказлари учун сарф-харажатларни тежаш имконини беради.

Давлат чегарасини ишончли қўриқлаш — муҳим вазифа
“Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини ишончли қўриқлаш ва ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Таъкидланганидек, ҳуқуқни қўллаш амалиётида пайдо бўлаётган тушунмовчиликларни бартараф этиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чегара режимида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини қонун билан мустаҳкамлаш мақсадида илғор хорижий тажрибани инобатга олиб ҳамда замон талабларидан келиб чиққан ҳолда мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Қизғин баҳс-мунозаралар, савол-жавоблардан сўнг ушбу қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Манфаатлар тўқнашуви нима?
Давлат ташкилоти ходимининг, унинг яқин қариндошларининг ва унга алоқадор шахсларнинг шахсий манфаатлари билан фуқароларнинг, ташкилотнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келган ва келаётган ёхуд юзага келиши мумкин бўлган вазият манфаатлар тўқнашуви дейилади. Бу “Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида белгилаб қўйилмоқда.
Қуйи палата мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси 5 та боб, 32 та моддадан иборат бўлиб, унда манфаатлар тўқнашуви тушунчаси, давлат хизматчиларининг мажбуриятлари ҳамда уни тартибга солиш бўйича аниқ механизмлар назарда тутилмоқда.
Мазкур ҳужжат юзасидан адлия вазири Русланбек Давлетов маъруза қилди. Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан давлат ташкилоти ходими ёки унинг яқин қариндоши акциядори, муассиси (иштирокчиси), бошқарув органи аъзоси ҳисобланадиган юридик шахс ушбу ходимларга алоқадор шахс ҳисобланиши, давлат ташкилоти фаолиятида манфаатлар тўқнашувини тартибга солишда ваколатли органлар, яъни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, давлат ташкилотларининг одоб-ахлоқ комиссиялари, кадрлар бўлинмалари ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг вазифалари белгиланмоқда.
Йиғилишда қайд этилганидек, қонун лойиҳасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича асосий принциплар, давлат ташкилоти ходимларига нисбатан манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича чекловлар ўз аксини топмоқда. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади. Қонун лойиҳаси билан давлат ташкилоти ходимларига ўзи фаолият юритаётган давлат ташкилотида ўзининг, яқин қариндошлари ёки унга алоқадор шахсларга тааллуқли ишларни кўриб чиқишда вакил сифатида иштирок этиш тақиқланмоқда.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама этилиб, қабул қилинди.

Судлар тизимида “Ягона дарча” тамойили кенг жорий этилади
Мажлис кун тартибидаги навбатдаги масала — “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, мазкур лойиҳа билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал кодексларига, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги, “Давлат божи тўғрисида”ги қонунларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиляпти. Қонун лойиҳасида маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этиши белгиланмоқда.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳасида судлар тизимида “ягона дарча” тамойилини кенг жорий этиш, жумладан, судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш ўз аксини топмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини оширишга, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса, маъмурий судларнинг ролини кучайтиришга, маъмурий судларни ҳақиқий халқ судига айлантиришга хизмат қилади.
Мажлисда яна бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилиниб, кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА