Статистикага кўра, ўтган 2023 йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми жорий нархларда 1 066,6 триллион сўмни ташкил этган. Бу ўртача алмашув курси бўйича 90,9 миллиард долларга тенглигини билдиради. “Ўзбекистон-2030” стратегиясида мамлакат ялпи ички маҳсулотини 2030 йилга бориб икки баробарга, яъни 160 миллиард долларга етказиш, аҳоли жон бошига тўғри келадиган улушни 4000 долларга етказиш, иқтисодий кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистонни ўртача кўрсаткичдан юқори давлатлар қаторига қўйиш мақсад қилиб белгиланган.
Хўш, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг ўсиши мамлакатларга қандай ижобий натижаларни беради?
– Мамлакатимизда олиб борилаётган барча соҳалардаги кенг қамровли ислоҳотлар замиридаги асосий мақсад юқори иқтисодий ўсиш суръатларига эришиш ва бунинг натижасида аҳоли фаровонлигини оширишдир, – дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори, иқтисод фанлари номзоди Ҳотамжон Қобулов. – Иқтисодий ўсишни таъминлашнинг эса бир нечта муҳим омиллари мавжуд.
Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг ўсиши мамлакат иқтисодий фаолиятининг кенгайиши ва иқтисодий қудратининг ошишига ишора қилади. Даромадларнинг ошиши – иқтисодий ўсиш одатда аҳолининг реал даромадларини оширишга ёрдам беради, бу эса турмуш даражасини яхшилашга олиб келади.
Шунингдек, ЯИМнинг ўсиши янги иш ўринларининг яратилиши ва ишсизлик даражасининг пасайиши билан боғлиқ. Инвестицияларни жалб қилиш учун ишончли муҳит яратади, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширишга ва халқаро савдо алоқаларини кучайтиришга ёрдам беради.
Ўсиб бораётган иқтисодиёт юқори солиқ тушумларини келтириб чиқаради ва ишсизлик бўйича ёрдам каби нафақаларга давлат харажатларини камайтиради. Бу эса давлат қарзлари камайишига ёрдам беради. Юқори ялпи ички маҳсулот ҳукуматларга соғлиқни сақлаш ва таълим каби давлат хизматларига кўпроқ маблағ сарфлаш имконини беради. Бу эса турмуш даражасини яхшилаш, ўртача умр кўриш давомийлигини ошириш ва таълим сифати даражасини оширишга олиб келади.
Умуман олганда, ЯИМнинг ўсиши мамлакатнинг иқтисодий кучи билан боғлиқ бўлиб, узоқ муддатли ривожланиш ва барқарорлик учун асос бўлиб, янада хилма-хил иқтисодиётга олиб келиши мумкин.
Ўсиш корхоналарни инвестиция ва инновацияларга ундайди, бу эса технологик тараққиётга ва ўсиш ҳамда инвестицияларнинг айланишини яхшилайди. Барқарор иқтисодий ўсиш камбағалликни камайтириш, фаровонликни ошириш ва иқтисодий ривожланишни рағбатлантиришнинг асосий омилидир. Шу билан бирга, ЯИМнинг ўсиши мамлакатнинг глобал иқтисодиётдаги ролини ҳам оширади ва унинг халқаро майдондаги нуфузини кучайтиради. Буларнинг барчаси мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатади ва узоқ муддатли ривожланиш учун замин яратади.
Давлатнинг 2030 йилга бориб ЯИМни икки баробарга ошириш мақсади шубҳасиз улкан ва у қийин бўлсада имконсиз эмас. Ушбу режанинг муваффақияти бир қанча омилларга, жумладан, иқтисодий ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши, жаҳон иқтисодий иқлими, мамлакатнинг ўзгарувчан шароитларга мослаша олишига боғлиқ бўлади. Агар Ўзбекистон барқарор иқтисодий ўсишни таъминлай олса, инфляцияни бошқара олса ва инвестицияларни жалб этишда давом этса, ўз олдига қўйган мақсадига эришиш имконияти мавжуд.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА