Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ялдо кечаси” – тарихнинг изтиробли саҳифаларидан сўзловчи асар
11:06 / 2025-12-22

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги “Шаҳидлар хотираси” мажмуасида устоз ижодкор, таниқли адиб Хайриддин Султон қаламига мансуб “Ялдо кечаси” номли тарихий роман тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида қатағон қурбонлари хотирасига Қуръон тиловат қилинди.  

Айтиш керакки, мазкур асар мамлакатимиз адабий ҳаётида ўзига хос воқелик бўлгани билан аҳамиятли.  

Янги китоб тақдимоти Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика маънавият ва маърифат маркази, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи, Абдулла Қодирий уй-музейи каби ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилиб, унга ёзувчи ва шоирлар, олимлар, маънавият тарғиботчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар, адабиётга қизиқиши баланд талаба-ёшлар таклиф  этилди.  

Тақдимот тадбирида таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан санъат, маданият, адабиётни ривожлантириш, жадидчилик ҳаракатининг тарихи, ушбу ҳаракат вакилларининг ҳаёти, фаолиятини ўрганиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда жаҳолатга қарши курашишнинг муҳим воситаси сифатида бадиий баркамол асарларни яратиш борасида ижод аҳли томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Архив материаллари, тарихий ҳужжатларни пухта ўрганиш натижасида истиқлол учун жонини фидо этган маърифатпарвар боболаримиз ҳаётига оид янги асарлар яратилмоқда.  

Манбаларга кўра, ялдо кечаси йилнинг туни энг узун бўлган кун саналиб, у  тахминан 21-22 декабрь саналарига тўғри келади. “Ялдо кечаси” романининг тақдимоти ҳам айнан шу санада, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейига туташ ҳудудда ўтказилгани ҳам бежиз эмас. Зеро, ўтган асрнинг 30-йилларида илгарилари Алвастикўприк деб аталган ушбу жойда миллат ойдинларининг умри хазон бўлган. Ўша даврларда халқимиз бошига тушган қора кунларни, маърифатпарвар юртдошларимиз репрессия қилинган даврни адоғи кўринмас тунга қиёсласак, хато қилмаймиз. 

–  “Ялдо кечаси” романи “Ўткан кунлар” романи каби тўлақонли, қайғули, шу билан бирга некбин асар, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Асарни ўқиган одам беихтиёр тарих билан юзлашади. Бу ғаройиб роман бошдан охир миллатпарварлик, Ватанга муҳаббат, халққа садоқат туйғуларига йўғрилган. Биз асар қўлёзмасини бундан бир йил аввал ўқиб, ҳар томонлама муҳокама қилдик. Роман ҳақида адибларимиз Иброҳим Ғафуров, Эркин Аъзам, Турсунали Қўзиев, Шуҳрат Сирожиддинов, Баҳодир Каримов, Нурбой Жабборов, Шуҳрат Ризаев, Жаббор Эшонқул, Муртазо Қаршибоев, Хондамир Қодирий, Ғайрат Мажид, Ғафур Шермуҳаммад, Икром Искандаров сингари ижодкорлар ўз фикрларини билдирганлар. Машҳур “Ўткан кунлар” романининг давоми сифатида ёзилган бу асар аввало Абдулла Қодирий ва унинг сафдошлари шахсига юксак эҳтиром намунаси ўлароқ, дунёга келганини таъкидлаш жоиз.  

Чиндан ҳам, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарини ўқиган китобхон адоғи йўқ изтироблар гирдобида қолиши, қалби ҳаяжон ва қайғуга, аламларга тўлиши тайин. Айни пайтда бу романнинг ниҳояси ўқувчида асарнинг давоми бормикан, деган қизиқишни юзага келтириши, китобхонни охири  йўқ ўй-хаёллар уммонига ғарқ этиши шубҳасиз.  

–“Ўткан кунлар” романининг илк нашри чиққанига 100 йил тўлди, – деди адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев. – Мана шу даврда “Ўткан кунлар” том маънодаги мумтоз асар сифатида халқимизнинг ижтимоий, маънавий, маданий ҳаётига чуқур сингиб кетган. Шубҳа йўқки, бу асарни ўқиган ҳар бир авлод ўзини синамоқ, ўзини топмоқ учун ундан жуда кўп ибратлар олди. Назаримда бу асар ҳозирги  авлодларга ҳам куч-қувват, руҳ бермоқда. “Ялдо кечаси” романи “Ўткан кунлар” асарининг хотимасидаги қисқа тафсилот асосига қурилган. Хотимада “Ёзғувчидан” деб айтилган кичкина ахборот тарзида берилган маълумотномага суяниб, бутун бир катта асар юзага келди. Бу китоб Отабекнинг зурриёди Ёдгорбек ва унинг фарзандлари Озодбек ва Одилбекнинг тақдири мисолида ўша давр ҳаётини кенг кўламда тасвирлайдиган ўзбек адабиётида мутлақо янги, оригинал асар.

Асар муаллифи, устоз адиб Хайриддин Султоннинг эътирофича, ушбу асарда эл-юртимизнинг бундан бир ярим аср аввалги изтиробли тарихи мужассам.  

Ушбу асар мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган очиқлик ва эркинлик сиёсатининг амалий ҳосиласи сифатида дунёга келди. Асар истиқлолимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, Ватанга, мустақиллик ғояларига  садоқат руҳини ёш авлодга сингдиришдек эзгу мақсад-муддаоларни ўзида ифода этиши билан қадрлидир.

Дарҳақиқат, кўп йиллик ижодий фаолияти давомида Абдулла Қодирийни ўзига маънавий пир деб билиб, қалам тебратиб келаётган таниқли устоз ёзувчи Хайриддин Султон томонидан тарихий ҳужжатлар асосида яратилган бадиий тўқима “Ялдо кечаси” романи учун асос бўлиб хизмат қилган.

Китобнинг масъул муҳаррири, атоқли адиб ва таржимон, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров асарни замонавий ўзбек адабиётида тамомила кашфиёт деб баҳолагани эътиборга молик.  

Анжуман давомида янги асар, унинг бадиий, тарихий қиймати ва аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди.

Назокат Усмонова,  

ЎзА мухбири