Ҳар қандай соҳанинг салоҳияти унинг кўрсатадиган амалий натижасига қараб баҳоланади. Негаки, мутахассис қанчалик назарий билимга эга бўлмасин, башарти уни амалиётга татбиқ этолмаса, унинг малакаси тан олинмайди. Айниқса, фавқулодда вазиятлар бўйича ходимлар соҳа юзасидан улкан амалий тажрибага эга бўлмоғи шарт.
Шу мақсадда Яккасарой тумани ҳудудида жойлашган иссиқлик электр марказида “Табиий хусусиятли фавқулодда вазиятларда объект раҳбарияти, қутқарув тузилмалари ҳамда ФВДқТ хизматларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари” мавзусида махсус-тактик ўқув машғулоти ташкил этилди.

Мазкур машғулот Яккасарой туман ҳокимлиги ва туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамкорлигида ўтказилиб, унда Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари С.Зупаров, Яккасарой тумани ҳокими Нилуфар Аллабергенова, шунингдек, туман фавқулодда вазиятлар бўлими ва иссиқлик электр маркази ходимлари иштирок этди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад аҳоли ва муҳим инфратузилма объектларини табиий ҳамда техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, шунингдек, фавқулодда ҳолатларда мавжуд куч ва воситалардан самарали фойдаланиш механизмларини амалиётда синовдан ўтказишдан иборат.

Машғулот давомида иштирокчи ташкилотларнинг ўз вазифаларини пухта ва профессионал даражада бажариш қобилияти, тезкорлик ҳамда жамоавий ҳамкорлик кўникмалари баҳоланиб, келгусида фаолият самарадорлигини янада оширишга қаратилган амалий тавсиялар берилди.
Қайд этиш лозимки, бундай машғулотлар нафақат амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш, балки турли хизмат ва ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга замин яратади.
Шербек Исломов, ЎзА