Оғир ва синовли дамларда эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш, беғараз кўмак кўрсатиш - халқимизнинг энг олийжаноб фазилатларидан бири. Ана шундай оғир кунларда ўзининг ёрдамини аямаган юртдошларимиз, албатта, юксак эътирофга лойиқдир.
Хабарингиз бор, Президентимиз ташаббуси билан пандемия даврида халқимизга суянч бўлиб, эҳтиёжманд аҳолига беғараз ёрдамни берган юртдошларимиз учун “Меҳр-саховат” кўкрак нишони таъсис этилди ва ҳозирги кунга қадар бир гуруҳ фидойи, эл-юрт тинчлиги ва осойишталигига ўз ҳиссасини қўшган саҳоватпеша инсонлар тақдирланмоқда.
Пойтахтимизнинг Яккасарой тумани маҳаллаларида ёш оилаларни қўллаб-қувватлаб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беминнат кўмаклашаётган, айнан шу соҳадаги ишлари билан кўпчиликка намуна бўлаётган маҳалла раислари ва уларнинг ўринбосарларига "Меҳр-саховат" кўкрак нишони топширилди.
Шунингдек, Яккасарой тумани ҳокимлиги ва туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан 20 дан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинларига замонавий компьютер ва бошқа зарур жиҳозлар топширилди.