Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани ҳам воҳада сўлим табиатли тоғли ҳудудлардан ҳисобланади. Айниқса, тумандаги Татар маҳалласига қарашли Зармаст, Вори каби қишлоқлар хушманзара ва ажойиб табиати билан сайёҳларни доимо ўзига жалб қилиб келган.
Шу боис туман масъуллари Татар маҳалласи оралаб ўтган Қизилдарё бўйларида замонавий, барча қулайликларга эга дам олиш масканларини барпо этишни режалаштирмоқда.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, “Татар” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Қизилдарё дарёси қирғоқларини ободонлаштириш орқали замонавий дам олиш ҳудудларини ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида дарё бўйлаб бир томонлама 4 метр кенгликда, 4 километр масофада пиёдалар ва велойўлаклар қурилиши режалаштирилган.

Шунингдек, панжарали тўсиқлар ва лотоклар ўрнатилади, аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида ўриндиқлар ҳамда чиқинди ташлаш қутилари жойлаштирилади. Ҳудуд хавфсизлиги ва ободлигини таъминлаш учун тунги ёритиш чироқлари ўрнатилиши ҳам кўзда тутилган.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун 8,7 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, қурилиш ишлари пудратчи ташкилот томонидан бошлаб юборилган.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири