Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида истеъмолчининг қонуний ҳуқуқлари тикланди.
Аниқланишича, туман фуқароси 2021 йилда турар жой сотиб олиш мақсадида тижорат банкининг маҳаллий филиалидан 700 миллион сўм миқдорида кредит олган. Кейинчалик 2024-2025 йиллар учун кредит бўйича 197 миллион сўм пеня ва фоизлар ҳисобланган.
Фуқаро мазкур қарздорлик асоссиз эканини билдириб, банкка мурожаат қилган. Бироқ масала жойида ижобий ҳал этилмаган. Шундан сўнг у тегишли жамоатчилик тузилмасига амалий ёрдам сўраб мурожаат этган.
Мурожаат белгиланган тартибда ўрганилиб, кредит ҳисоб-китоблари қайта таҳлил қилинди. Натижада 197 миллион сўм миқдоридаги пеня фоизлари нотўғри ҳисоблангани аниқланди ҳамда ушбу маблағ бекор қилинди. Шу тариқа истеъмолчининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари тикланди.
Мутахассислар қайд этишича, фуқароларнинг молиявий муносабатлардаги ҳуқуқий хабардорлигини ошириш, уларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири