Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яхши кунлар албатта келади, бунга ишонинг!
12:00 / 2020-03-24

Бу билан халқимиз яхшиликни ҳеч қачон унутмаслиги, оғир кунларда қилинган хайрли ишлар ҳеч кимнинг эсидан чиқмаслиги яна бир карра ўз исботини топди.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йили дунё миқёсида кенг нишонланадиган сана – Ғалабанинг 75 йиллик байрамига пухта тайёргарлик кўриш ва уни юксак даражада ўтказиш мақсадида 2019 йил 23 октябрда “Иккинчи жаҳон уришида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида” қабул қилган қарори мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеадир.

Мазкур қарорда Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари, меҳнат фронти фахрийларини, шунингдек, мустақиллик йилларида Ватан ҳимояси ва хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг оила аъзоларини ҳар томонлама ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳамда уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ва бошқа муҳим тадбирлар белгиланди.

Бу билан халқимиз яхшиликни ҳеч қачон унутмаслиги, оғир кунларда қилинган хайрли ишлар ҳеч кимнинг эсидан чиқмаслиги яна бир карра ўз исботини топди.

Президент қарори билан танишар эканман, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси раҳматли отам Қўзибой Раҳимовнинг гаплари ёдимга тушаверади: “Уруш балосидан асрасин. Биз урушни кўрдик, сизлар кўрманглар”.

XX асрда инсоният бошига оғир кулфат келтирган бу бало, собиқ иттифоқнинг 20 миллиондан ортиқ аҳолисининг ёстиғини қуритган. Бу эса халқимиз фашизм устидан қозонга ғалаба жуда қимматга тушганлигини кўрсатади.

Лекин, ота-боболаримизни ва бутун халқимизни яхши кунларга бўлган ишончи эришилган буюк ғалабани таъминлади, десак муболаға бўлмайди.

Бугун халқимиз бошига оғир синов тушди. Дунёнинг 180 дан ортиқ мамлакатини қамраб олган “Коронавирус балоси” бизни ҳам четлаб ўтмади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йил 18 март куни маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида коронавирус муаммосига тўхталиб, у билан боғлиқ вазият бўйича халқимизга мурожаат қилгани, бу балони келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатлари биз ўйлагандан анча оғир эканлигини кўрсатади.

Шундай бўлса-да, бундан саросимага тушмаслик, халқимизнинг ҳар доимгидан ҳам бирдамлиги янада зарур эканлиги таъкидланди.

Президент вазият тўлиқ назорат остида эканини алоҳида таъкидлаб, халқимизга мурожаат қилар экан: “Бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашмоқда. Муфтият раҳбарлигида диний уламолар юртимизга тинчлик-хотиржамлик, беморларга шифо тилаб, дуои фотиҳалар қилишмоқда. Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади”, деб, халқимизни сабрли бўлишга чақирди.

Биласизми, Абу Ҳомид Ғаззолий шундай ёзади, Кимки Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлмасликни ва раҳматига эришиб, жаннатига киришни истаса, нафсини дунёвий ҳою-ҳавасдан тийсин ва дунёнинг қийинчиликларига ҳамда мусибатларига чидаб, сабр қилсин!

Бу борада Аллоҳ буюради: Аллоҳ мусибатларга чидаб сабр қилгувчиларни севади (Оли Имрон сураси, 146- оятнинг сўнги).

Бундан кўриниб турибдики, муқаддас Қуръони каримда ҳам сабр қилгувчилар Аллоҳни севимли бандалари эканлиги таъкидланади.

Шунингдек, Ғаззолийнинг Мукошафат-Ул-Қулуб асарида “Аллоҳнинг бир мўмин бандаси хасталикка мубтало бўлган чоғида, Аллоҳ гуноҳларини ёзиб борувчи фариштага амр беради: — Торт қаламни унинг дафтаридан! Савобларни ёзувчи фариштага шундай буюради: — Бандам қилган амалларнинг энг чиройлиларини ёз!

Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ривоят қилинган бошқа бир хабар қуйидагича: "Бирон иймонли банда хасталанган пайтида Аллоҳ унга икки малак юбориб, “Қараб боқинглар-чи? Бандам нималар деяпти!” дейди. Агар банда: “Алҳамдулиллоҳ”, деса, Аллоҳ ўзи бундан воқиф бўлади, яна малаклар ҳам бу сўзни Раббига етказадилар. Шунда Аллоҳ буюради: "Агар бандамни шу хасталик ҳолида ўлдирсам, жаннатга қўяман. Агар шифо берсам, зотини ва қонини покизароқ эт ва қонга айлантириб, гуноҳларини мағфират этаман!"

Муболағасиз айтиш мумкин, халқимиз бундан ҳам оғир синовларни бошидан ўтказган. Бу сафар ҳам ўзбек халқи бу балога қарши курашда бирдамлигини намоён этади.

Агар биз бугун бир бўлсак, “Буюк Ўзбек давлати”ни барпо этишга қодир бўлган Ўзбек миллати борлигини дунёга кўрсата оламиз.

Таъбир жоиз бўлса, ҳар бир миллатга жамиятни ўзгартиришдек масъулиятли имконият 100 йилда бир маротаба берилади. Биз ҳам Аллоҳнинг иродаси ва берилган синов — каронавирус балосини енгиб, бутун турмуш-тарзимизни, ҳаётимизни ўзгартирамиз.

Яхши кунлар албатта келади. Бунга ишонинг!

Абдуманноб РАҲИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий судининг
котибияти мудири