Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ўзининг янги ҳисоботида маълум қилишича, жорий йилги иқтисодий натижаларнинг ўсиш прогнози қайта кўриб чиқилган. Унга кўра ялпи ички маҳсулот ўсиши 5,6 фоизни ташкил қилади.
Ўзбекистон иқтисодиётининг жорий йилги ўсиши йилнинг 1-чораги даражасида давом этади. Жорий йилнинг август ойида эълон қилинган Марказ прогнози 5,5 фоиз даражасида ўсишни кўрсатган.
Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаоллик сезиларли даражада ошди. Бу "Google" қидирувларининг “Бизнес ва саноат” 17, “Автотранспорт воситалари” 17 , “Харидлар ” 18 фоиз тоифалари ҳамда “Озиқ-овқат ва ичимликлар” 29 фоиз бўйича сўровларнинг кўпайиши билан боғлиқ.
Шуни таъкидлаш керакки, 2023 йилнинг 1-ярми учун Марказ прогнози юқори аниқликни кўрсатди. ЯИМ нинг кутилаётган ўсиши Статистика агентлигининг якуний натижасига нисбатан атиги 0,05 фоиз пунктга оғишди. Жорий йилнинг тўққиз ойи якунларига кўра, саноатда ўсиш 5,7 фоизга, бозор хизматлари 12,1 фоизга ва ташқи иқтисодий фаолият соҳасида экспортнинг ўсиши 23,5 фоизга ижобий динамика кузатилди.
Яна бир маълумот, жорий йилнинг сентябрь ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси ўтган ойга нисбатан 7,3 фоизга ошди.
Йил якунига қадар иқтисодий ўсишнинг асосий омиллари иқтисодий тармоқларни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат иқтисодий сиёсати, барқарор ташқи савдо, шунингдек, таркибий ислоҳотлар ва инвестицияларнинг кўпайиши натижасида иқтисодиёт тармоқларида маҳсулдорликнинг ўсиши кузатилади.
Прогнозларга кўра, ўтган йилга нисбатан якуний истеъмол харажатлари ва ялпи инвестициялар ҳажми мос равишда 4,8 фоиз ва 7,6 фоизга ўсиши кутилмоқда. Ўтган йилга нисбатан товарлар ва хизматлар экспорти ҳажмининг ўсиши 20,8 фоиз, импорт 21,4 фоизга ўсиши тахмин қилинмоқда. Шу билан бирга, мамлакатнинг асосий савдо ҳамкорларининг иқтисодий фаоллиги ва трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг пасайиши хавфи мавжуд бўлиб, бу иқтисодий ўсишнинг пасайишига олиб келиши мумкин.
Умуман олганда, юқорида қайд этилган омилларни ҳисобга олган ҳолда, жорий йил учун иқтисодий ўсишнинг прогноз йўналиши 5,4-5,6 фоиз оралиғида белгиланган. Жорий йилда Ўзбекистонда ЯИМ нинг ҳафталик ўсиши прогноз қилинмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА