Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқалар қўмитасининг фаолиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари, қўмита раҳбарияти ва мансабдор шахслари, миллий маданий марказлар раислари иштирок этди.
Матбуот анжуманида таъкидлаганидек, мамлакатимиз сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналишларидан бири Ўзбекистонда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатлар учун тенг шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиш, миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашдан иборат.
Қўмитанинг вазифаларига миллий маданий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш, хориждаги ватандошлар билан ўзаро яқин алоқаларни шакллантиришдан иборат. Унинг бошқарувида 152 миллий маданий марказ ва 38 та дўстлик жамияти фаолият кўрсатмоқда.
Тинч ва осойишта ҳаётни асраш, хорижий мамлакатлар билан дўстона ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш мақсадида қўмита “халқ дипломатияси” механизмидан самарали фойдаланмоқда, хориждаги ватандошларимиз билан яқин ва ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш ишига салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Матбуот анжуманида сўзга чиққан қўмита раисининг ўринбосари Азамат Тошев 2022 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берди. Ушбу давр ичида қўмита томонидан миллатлараро муносабатлар соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий асосини такомиллаштиришга йўналтирилган концептуал ҳужжатларнинг 14 та лойиҳаси тайёрланди.
30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар вакиллари ўртасидаги миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган, шунингдек хорижий мамлакатлар халқлари билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришда салмоқли натижаларга эришган 238 нафар ҳамюртимиз “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Мамлакатимиздаги турли миллат ва элатлар вакиллари ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш мақсадида 2022 йилда қўмита томонидан миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари иштирокида 8177 та тадбир ўтказилди. Долзарб мавзудаги конференциялар, давра суҳбатлари, семинарлар, танловлар ва кўргазмалар, маданий-маърифий ва бошқа тадбирлар шулар жумласидан.
Матбуот анжуманида шунингдек 2023 йилда амалга ошириладиган ишлар ҳақида сўз юритилди. Қўмита раисининг маслаҳатчиси Зафар Аҳмедов иштирокчиларга хорижий мамлакатлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга йўналтирилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Анжуман якунида ташкилотчилар журналистларни қизиқтирган барча саволларга жавоб қайтарди.
Н. Усмонова, ЎзА