Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ягона, мустаҳкам оилада
11:52 / 2020-12-10

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Қурбоновнинг миллатлараро муносабатлар соҳасида 2017-2020 йилларда амалга оширилган ишлар юзасидан ахбороти эшитилди.

Маълумки, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш каби муҳим масала 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида муҳим вазифа этиб белгиланди.

Бугунги кунда юртимизда яшаётган 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари Конституция ва қонунлар тақдим этган тенг ҳукук ва имкониятлардан фойдаланиб, иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳа, илм-фан ва маданият соҳаларида самарали меҳнат қилиб, Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши ва унинг мустақиллигини мустаҳкамлашга, республиканинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва имижини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Мустақиллик йилларида халқимизнинг бирлиги ва жипслигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган миллий маданий марказларнинг 130 нафарга яқин фаоллари фахрий унвонларга сазовор бўлди, орден ва медаллар билан тақдирланди. Турли миллатлар вакили бўлган 14 нафар ташаббускор ва фидойи юртдошимиз Ўзбекистон Қаҳрамони юксак унвони билан мукофотланганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Президентимизнинг 2017 йил 19 майдаги фармонига асосан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилган. Бугунги кунда Қўмита мамлакатимизда фаолият юритаётган 144 та миллий маданий марказ ва 38 та дўстлик жамияти ҳамда хориждаги ватандошларнинг 38 та жамияти билан ҳамкорлик қилмоқда.

2017-2020 йиллар мобайнида Қўмита фаолиятига доир Президентимизнинг 3 та фармони, 3 та қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари, шунингдек, соҳага оид “Йўл харитаси” ва чора- тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланган. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 майдаги фармонига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида “Дўстлик уйлари” ташкил этилган.

2017-2020 йилларда Қўмита ҳамкорлигида Миллий маданий марказлар иштирокида республика миқёсида 8 мингга яқин тадбир, шу жумладан, 351 та илмий-амалий конференция ва семинар, 14 та форум, 12 та халқаро конференция ўтказилган.

Миллатлараро муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш соҳасида хорижий тажрибани ўрганиш ва таҳлил қилиш натижасида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан Қўмита томонидан 23 та концептуал ҳужжат лойиҳаси тайёрланган.

Қўмита таклифи асосида Ўзбекистонда фаолият юритаётган олий таълим муассасаларида бакалавриатнинг антропология ва этнология таълим йўналиши ва тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилиб, уларда 67 нафар талаба таҳсил олмоқда.

Муҳокамалар чоғида сенаторлар соҳада амалга оширилган ишлар билан бирга, республика ва вилоят миқёсида эътибор қаратиш зарур бўлган масала ва муаммолар ҳам мавжудлигини таъкидлади.