English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ягона миллий архив ахборот тизими жорий этилади
10:26 / 2025-11-26

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Архив иши соҳасини рақамлаштириш ва соҳада бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Унга мувофиқ, архив соҳасини 2030 йилга қадар рақамлаштириш, хизматлар сифатини ошириш ва соҳада самарали бошқарув тизимини яратишнинг асосий мақсадлари белгиланди. Улар: 

а) Миллий архив фонди ҳужжатлари рақамлаштирилишини 60 фоизга етказиш; 

б) электрон хизмат кўрсатиш улушини 100 фоизга етказиш ҳамда хизмат кўрсатиш муддатини камида уч бараварга қисқартириш; 

в) архив хизматлари оммабоплигини ошириш ва янги хизмат турларини жорий қилиш; 

г) ҳужжатларни классификация қилиш ва таниш жараёнларига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали ҳужжатларни қайта ишлашда инсон омилини 50 фоизга камайтириш; 

д) архив иши соҳасида самарали бошқарув тизимини жорий этиш, давлат органларининг электрон тизимларига тўлиқ интеграция қилиш ва маълумотлар алмашинувини автоматлаштиришдан иборат. 

Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 июндан бошлаб архив хизматларини рақамлаштиришда қўлланиладиган амалдаги архив ахборот тизимлари негизида Ягона миллий архив ахборот тизими жорий этилади. Бунда: 

а) барча рақамлаштирилган ва келгусида рақамлаштириладиган архив ҳужжатлари Архив ахборот тизимига киритилади ва тизимда сақланади; 

б) архив ҳужжатларини рақамлаштириш қуйидаги босқичларда амалга оширилади: 

биринчи босқичда (2025-2027 йиллар) - алоҳида қимматли ва ноёб ҳужжатлар, мол-мулк ва ерга оид архив ҳужжатлари тўлиқ рақамлаштирилади; 

иккинчи босқичда (2028-2029 йиллар) - кино, фото, фоно ва илмий-техник архив ҳужжатлари рақамлаштирилади; 

учинчи босқичда (2030 йилдан) - Миллий архив фондининг бошқа архив ҳужжатлари рақамлаштирилади; 

в) Адлия вазирлиги ҳузуридаги "Ўзархив" агентлигига Миллий архив фонди ҳужжатларини сканерлаш ва уларни Архив ахборот тизимига киритиш ишлари учун Адлия вазирлиги ҳамда Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан шартнома асосида мутахассисларни жалб қилиш ҳуқуқи берилади. 

Агентликнинг давлат архивларида сақланаётган алоҳида қимматли ва ноёб ҳужжатлар ҳаракатини автоматлаштириш, уларнинг аниқ ҳисобини юритиш ва хавфсизлигини таъминлаш ишларига RFID (радиочастотали идентификация) технологияси жорий этилади. Бунда:

а) RFID технологияси: 

2026 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистон миллий архивларида сақланаётган ҳужжатлар билан ишлашда мажбурий қўлланилади;

2027 йил 1 мартга қадар босқичма-босқич Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар марказий давлат архивлари ҳамда вилоят давлат архивларида сақланаётган ҳужжатлар билан ишлашда қўлланиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилади; 

б) RFID технологиясидан фойдаланиш орқали ҳар бир архив ҳужжатига уникал идентификация рақами берилади ва улар Архив ахборот тизими билан интеграция қилинади; 

в) Агентлик директори RFID технологиясининг жорий этилишига, давлат архивлари раҳбарлари RFID технологиясининг самарали ишлашини таъминлашга шахсан масъул ҳисобланади. 

2026 йил 1 августдан бошлаб қуйидаги давлат архивлари функциялари тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда амалга оширилади: 

а) Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш; 

б) йиғмажилдлар рўйхатини тузиш ва расмийлаштириш, уларга оид илмий-маълумотнома аппаратини тузиш, келишиш, тасдиқлаш;

в) давлат архивлари томонидан архив ҳужжатларини қабул қилиш, фойдаланишга бериш; 

г) корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар қайта ташкил этилаётганда уларнинг архив ҳужжатларини ҳуқуқий ворисларида сақлаш масаласини давлат архивлари билан келишиш; 

д) давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг ҳудудий тузилмаларининг ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатурасини шакллантириш ҳамда тегишлича Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар билан келишиш; 

ж) давлат архивларига архив ҳужжатлари топширилиши лозим бўлган давлат органлари ва ташкилотларининг ягона руйхатини шакллантириш.

Архив хизматларини кенгайтириш ва сифатини ошириш мақсадида 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб фуқароларнинг оилавий шажаралари бўйича маълумотларни онлайн тарзда тақдим этиш имкониятини берувчи “Шажара" ахборот тизими жорий этилади.

ЎзА