Янги ўқув йили олдидан ота-оналар фарзанди учун мактаб формаси харид қилади. Турли корхоналар томонидан тайёрланаётган мактаб формаларининг нархи ва сифати бу борада муҳим аҳамиятга эга.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 майдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий ўқув йилидан бошлаб халқ таълими масканларида ўқувчилар учун ягона мактаб формасини тўлиқ жорий этиш белгиланган.

2022-2023 ўқув йилида давлат умумий ўрта таълим муассасаларида таҳсил олувчи 6 миллион 620 минг ўқувчининг формага бўлган эҳтиёжи мавжудлиги аниқланди. Улар учун 500 дан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналари танлаб олинди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, аниқланган 400 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун мактаб формалари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари, шунингдек, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармалари маблағлари ҳисобидан сотиб олинади.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, мактаб формаси сифати “Ўзстандарт” агентлиги томонидан назоратга олинади. Мактаб либоси намуналари “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва Халқ таълими вазирлиги томонидан илғор дизайнерлар жалб қилинган ҳолда ишлаб чиқилди. Ўқувчилар учун қанчалик қулайлиги ва чидамлилиги инобатга олинади.
Халқ таълими вазирлиги ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ҳамкорлигида умумтаълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини тайёрлашга оид жараёнлар билан оммавий ахборот воситалари ходимларини таништириш мақсадида Наманган вилоятига пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур иштирокчилари Наманган шаҳридаги “Даштбоғ” маҳалласида барпо этилган кичик саноат зонаси ҳудудида жойлашган, тикувчиликка ихтисослашган “Mustafo Sevin” ҳамда “Saxiy Mirzo tekstil” масъулияти чекланган жамиятлари фаолияти билан яқиндан танишди.

Мазкур ишлаб чиқариш корхоналарида тадбиркорлар томонидан мактаб формаларининг белгиланган стандартлар асосида тайёрланиши, матолар сифати, бичими, ранги, тикилиш услублари, мактаб формаларининг турли ёш, бўй ва вазнга эга ўқувчиларга мослиги юзасидан батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Ишлаб чиқарувчилар мактаб формасини қулай, эстетик жиҳатдан жозибадор ва ҳамёнбоп бўлишига ҳаракат қилишган. Зеро мактаб формаси психологик жиҳатдан билим олишга мойилликни ошириши керак.
– Мактаб формаси жорий этилишидан мақсад ўқувчиларнинг билимли, одоб-ахлоқли, соғлом фикрли, ҳар томонлама баркамол шахс бўлиб етишишига кўмаклашиш, ўзаро тенглик ва белгиланган тартиб-қоидаларга итоаткорлик ҳиссини уйғотиш, уларнинг саломатликларини муҳофаза қилиш учун шарт-шароит яратиш, ўқувчилар ўртасида cоғлом рақобат муҳитини юзага келтиришдан иборат, – дейди Халқ таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова. – Ҳар бир ота-она фарзандини мактабга кийиниш маданиятига ва белгиланган талабларга мувофиқ ҳолда боришини таъминлаши, фарзандларининг ёрқин келажаги учун жавобгарликни ўз бўйинларига олган ҳолда, масъулият билан ёндашишлари лозим.

Тадбиркорларнинг сўзларига кўра, нархлар бир хил эмас. Кимдир бошланғич синфлар учун формаларни 160 минг сўмдан бошлаб сотаётган бўлса, қайсидир тадбиркорда бу форма нархи 180 мингни ташкил этади. Юқори синф ўқувчилари формалари учун 240-250 минг сўмгача нарх белгиланиши мумкин. Алоҳида таъкидлаш лозимки, истеъмолчи тикилиши ва мато сифати жиҳатдан ўзига ёққанини танлаб, харид қилиши ва ўзи матони олиб келган ҳолда мактаб формасини буюртма асосида тиктириши ҳам мумкин.
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси Дизайнни ривожлантириш бўлими бошлиғи Камола Ғуломованинг таъкидлашича, республикада таҳсил олувчи 6 миллион 620 минг ўқувчини ягона мактаб формаси билан тўлиқ таъминланишида муаммо бўлмайди. Тадбиркорлар маҳаллий ва Хитойдан олиб келинган матолар билан таъминланган.
– Мактаб формаларининг дизайнларини яратишда иштирок этганман, – дейди Камола Ғуломова. – Бу борада ташкил этилган конкурсларда Ўзбекистон бўйлаб мингга яқин корхоналар ўз дизайнлари билан иштирок этган. 50 га яқин дизайн орасидан 10 га яқини ажратиб олиниб, тажриба-синовдан ўтказилган. Кейин ота-оналарнинг фикрларига асосан бир хил кўринишдаги мактаб формаси танлаб олинган.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси томонидан республикадаги ишлаб чиқариш корхоналар қуввати ўрганиб чиқилган. Айни вақтда мазкур тикувчилик марказларида мактаб формаларини тайёрлаш ишлари белгиланган тартиб ва стандартлар асосида олиб борилмоқда. Шуни қайд этиш лозимки, мактаб формаларига қўйиладиган талаблар мавжуд. Аввало форма учун танлаб олинадиган мато таркиби 65 -70 фоиз тоза пахтадан ташкил топган бўлиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги мактаб формасининг белгиланган стандартларга, санитария қоидалари нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ сифатли тўқимачилик маҳсулотларидан тайёрланиши устидан назорат ўрнатади.
Шунингдек, 2022 йил 10 августдан ҳар бир туман ва шаҳарда мактаб формаси ишлаб чиқувчиларнинг савдо шохобчалари ташкил этилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА