Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев сайловолди дастури юзасидан сўзлаган нутқида ижтимоий хизматлар соҳаси буткул қайта кўриб чиқилиши, аҳолига комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими жорий қилинишини алоҳида қайд этди.
Жорий йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида” Президент фармони бунинг амалий ифодаси бўлди.
Шу асосда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Камбағаллик, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар, Молия, Мактаб таълими, Олий таълим вазирликларида тарқоқ бўлган ижтимоий хизматлар яхлит тизимга бирлаштирилди.
Фармондаги муҳим жиҳатлар ҳақида Тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси бошлиғининг ўринбосари Қутлимурод Чуренов ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Бугунги кунда давлат томонидан кафолатланган 170 дан ортиқ ижтимоий хизмат ва ёрдамлар бир-биридан тарқоқ ҳолда бир нечта вазирлик томонидан кўрсатилмоқда. Давлатимиз раҳбари ушбу масалага эътибор қаратгани ва фармон асосида ягона ижтимоий ҳимоя тизими яратилгани аҳолига катта қулайлик яратади.
Янгиланган Конституцияда эълон қилинган ижтимоий давлат тамойилларини инобатга олган ҳолда фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга оид ҳуқуқларини ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш, аҳолига ижтимоий хизматларни кўрсатиш сифатини тубдан ошириш мақсадида мазкур соҳага илғор халқаро стандартларга асосланган мутлақо янги бошқарув тизими жорий этилмоқда.
Ҳужжатда Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт кечириши учун қулайлик яратиш давлат томонидан аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилишнинг асосий йўналиши этиб белгиланди.
Тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ва унинг бўлинмалари негизида Агентлик марказий аппаратида Ногиронлиги бўлган шахсларнинг функционаллигини баҳолаш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.
Ушбу бошқарманинг асосий вазифаси Ўзбекистонда ногиронликни белгилашда жаҳонда умумэътироф этилган ижтимоий моделга босқичма-босқич ўтишни таъминлаш ҳисобланади.
Амалдаги Ногиронликни белгилашнинг тиббий моделида фуқаронинг соғлиғини йўқотганлиги даражасига қараб ногиронлик белгиланади. Ижтимоий моделда эса фуқаронинг соғлиғини йўқотганлиги билан бир қаторда жамиятда бино-иншоотлар, йўл инфратузилмалари, жамоат транспортлари, таълим олиш, меҳнат қилиш сингари йўналишларда тенг равишда фойдаланиш учун тўсиқсиз муҳит яратилгани инобатга олинади.
Ижтимоий моделнинг асосий мақсади шахснинг соғлигини тиклаш билан бирга, бошқалар сингари иштирок этиши учун жамиятда тўсиқларсиз шароитлар яратиш ҳисобланади.
Яъни, жамият ногиронлиги бўлган шахсларнинг имкониятларига қанчалик мослаштирилган бўлса, ногиронлик даражаси ҳам шунча камаяди.
Фармонга мувофиқ, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ваколатли давлат органлари томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича дастурлар талабларини бажармаганлиги учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган чора-тадбирларни қўллаш бўйича тақдимномалар киритиш ва жарималар қўллаш ваколати берилмоқда.
2023 йил 15 июндан бошлаб Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимидан тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ҳамда унинг ҳудудий марказлари, аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари, одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация маркази, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун “Мурувват” ва “Саховат” интернат-уйлари, уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийлар Агентлик тизимига ўтказилади.
Қолган вазирликларда кўрсатилаётган ижтимоий ёрдам ва хизматлар Агентлик тизимига босқичма-босқич ўтказилади.
Бу янги ўзгаришлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқларини таъминлашга, бошқалар сингари иштирок этиши учун жамиятда тўсиқларсиз шароитлар яратилишига, муҳими, уларнинг самараси ва сифатининг тубдан яхшиланишига хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА