Жиззах вилоятида “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси раҳбарияти иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 майдаги “Капитал қурилиш соҳасида буюртмачи хизмати фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида шаклланувчи ижтимоий объектларни янгидан қуриш, мукаммал таъмирлаш ва реконструкция ишларини амалга оширишда “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмачи вазифасини бажаради.

Бугунги кунда компания 2022 йил Инвестиция дастурига киритилган объeктлар, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурида белгиланган ушбу иншоотларга буюртмачи сифатида иш фаолиятини олиб боряпти.
Жумладан, Инвестиция дастури доирасида жами – 110 та объeктнинг қурилиши, мукаммал таъмирланиши ва реконструкция ишларини амалга ошириш учун пудратчи ташкилотлар билан шартномалар тузилган.

Шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури бўйича жами – 71 та объектда қурилиш, мукаммал таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур объектларнинг умумий шартнома-лойиҳа қиймати 91 миллиард 329 миллион сўмни ташкил этади.
Умуман, соҳалар кесими бўйича олиб қаралганда, энг кўп қурилиш, мукаммал таъмирлаш ва реконструкция ишлари – умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари ва соғлиқни сақлаш объектлари, ичимлик суви иншоотлари ҳисобига тўғри келмоқда.

Бириктирилган объектларни ўз муддатида ва лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида бажарилиши қатъий назоратга олинган.
Матбуот анжуманида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА