Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган мазкур Низомда ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини жойлаштириш учун майдончадан фойдаланишга рухсатнома бериш талаблари ва шартлари, рухсатнома олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар, рухсатнома олиш учун аризани кўриб чиқиш ва рухсатнома бериш тўғрисида қарор қабул қилиш, рухсатномани қайта расмийлаштириш, қайта тиклаш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш, берилган рухсатномалар реестрини юритиш тартиблари белгилаб қўйилган.
Рухсатнома бериш беш босқичда амалга оширилади.
Биринчи босқичда, ариза берувчи (хоҳишига кўра) рухсатнома олиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлайди ва саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига ҳужжатларни бевосита ёки почта хизмати орқали ёхуд электрон шаклда тақдим этади.
Иккинчи босқичда, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси (10 иш кунида) аризага илова қилинган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва тўғри расмийлаштирилганлиги юзасидан дастлабки баҳолашни амалга оширади. Ҳужжатларни экспертизадан ўтказишни, шунингдек, жойига чиққан ҳолда ариза берувчи томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган фаолият тури бўйича шарт-шароитларни баҳолаш (текшириш)ни ташкил этади. Экспертиза ўтказиш бўйича техник топшириқни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.
Учинчи босқичда, ариза берувчи (5 иш куни мобайнида) хавфсизликни асослаш экспертизасини ўтказиш учун эксперт ташкилотига белгиланган шаклдаги буюртмани ва техник топшириқни бевосита, унинг олингани тўғрисидаги хабарнома билан бирга почта хизмати орқали ёки электрон шаклда тақдим этади. Эксперт ташкилоти техник топшириқда белгиланган муддатларда экспертиза ўтказади.
Тўртинчи босқичда, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси (10 иш кунида) хавфсизликни асослаш экспертизаси хулосасини қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилади. Рухсатнома бериш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Қабул қилинган қарор тўғрисида (3 иш кунида) ариза берувчини ёзма равишда хабардор қилади ва рухсатномани беради. Рухсатнома беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, (1 иш кунида) ариза берувчига рад этишнинг аниқ сабаблари ва камчиликларни бартараф этиб, ҳужжатларни қайта тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ёзма хабарнома юборади.
Бешинчи босқичда, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси (10 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда) ариза берувчи томонидан рухсатнома беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, ариза берувчининг тақдим этган аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда қайта кўриб чиқилади.
Рухсатнома бериш жараёнида юзага келадиган низолар қонунчилик асосида ҳал этилади.
ЎзА