Бугунги халқаро сиёсий вазият кўплаб таҳлилчиларни дунё амалда янги совуқ уруш босқичига, ҳатто иккинчи ядровий пойга даврига киргани ҳақида хулоса чиқаришга ундамоқда. ХХ асрдаги қуролланиш рақобати асосан АҚШ ва Совет Иттифоқи ўртасидаги миқдорий кураш билан чекланган бўлса, ҳозирги вазият анча мураккаб ва кўп қутбли тус олди. Энди рақобат нафақат ядро каллаги сонини ошириш, балки илғор технология, тезкор бошқарув тизими ва стратегик устунлик учун курашиш орқали ҳам намоён бўлмоқда.
Ядро қуролини назорат қиладиган халқаро тизим издан чиқмоқда. Хусусан, “New START” (СНВ-III) шартномаси амалда ишламаётгани стратегик барқарорликка жиддий таъсир кўрсатди. Мазкур келишувга кўра, томонлар жойлаштирилган стратегик ядровий каллак сонини 1550 дона билан чеклаш мажбуриятини олган. Назорат механизми йўқлиги эса шаффофликни камайтириб, ўзаро ишончни сусайтирмоқда. Айрим давлатлар ядро майдони ва синов инфратузилмасини қайта фаоллаштираётгани тўғрисидаги маълумотлар эса глобал хавфсизлик тизими жиддий инқирозга юз тутганини англатади.
Энг хавотирли жиҳатлардан яна бири ядровий доктриналардаги ўзгаришлардир. Россия ўз стратегиясига киритган сўнгги тузатишда “давлат суверенитетига жиддий таҳдид туғдирувчи, ҳатто оддий қурол билан амалга оширилган ҳужумга ҳам ядровий жавоб қайтариш эҳтимоли бор”лигини таъкидлаган. Демак, ядро қуролидан фойдаланиш даражасининг чегараси емирилган.
Хитой ядровий захирасини жадал суръатда мустаҳкамламоқда. Турли баҳоларга қараганда, Пекин яқин йилларда 1000 дан ортиқ каллакка эга бўлишни мақсад қилган. Айни ҳолат Вашингтонни бир вақтнинг ўзида ҳам Москва, ҳам Пекин билан стратегик мувозанатни сақлашга мажбурламоқда.
Технологик жиҳатдан ҳам ядровий пойга янги босқичга кўтарилди. Гипер товушли ракета яратилиши ва бундай қурилмани бошқаришда сунъий интеллектдан фойдаланилиши қарор қабул қилиш вақтини кескин қисқартиради. Айрим ҳолатларда жавоб қайтариш учун бир неча дақиқа вақт қолиши мумкин. Бундай шароитда муайян техник носозлик ёки нотўғри талқин қилинган сигнал глобал миқёсда ҳалокатли оқибатга олиб келиши хавфи ортади. Айни вазият айрим давлатлар, жумладан Жанубий Корея ва Японияни ўз хавфсизлигини таъминлаш учун мустақил ядровий имконият ҳақида ўйлашга ундамоқда.
Хуллас, ядровий масалада кўп томонлама назоратни тиклаш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ҳамда янги глобал хавфсизлик тизимини яратиш бугунги куннинг энг долзарб вазифасига айланган.
Фардона Яхшибоева, ЎзА