Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома бўйича анжуман шу йил ёзда ўтказилади
19:17 / 2022-06-21

1-26 август кунлари Нью-Йорк шаҳрида Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартноманинг амал қилиши бўйича 10-анжуман бўлиб ўтади.

БМТ маълумотига кўра, Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома ядро қуроли ва қуролли технологиялар тарқалишининг олдини олиш, ядро энергиясидан тинч мақсадда фойдаланиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда ядро қуролсизлантириш, шунингдек, умумий ва тўлиқ қуролсизлантиришга эришишга кўмаклашишга қаратилган муҳим халқаро ҳужжат ҳисобланади. Мазкур келишув ядро қуролига эга давлатлар қуролсизланиш мақсадига содиқлигини тасдиқлаган ягона мажбурий шартномадир.

Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома 1968 йилда имзоланган. Ушбу ҳужжат Буюк Британия, Россия, Хитой, Франция, АҚШ ядро арсеналини қонунийлаштирди ва ушбу мамлакатларга ядровий мақомини берди. Шу билан бирга бошқа давлатлар ҳужжатни имзолангандан сўнг оммавий қирғин қуролини ишлаб чиқариш ёки сотиш ҳуқуқидан маҳрум қилинадилар. 190 дан ортиқ мамлакат ушбу Шартнома иштирокчиси саналади. Ҳиндистон, Покистон ва Исроил шартномага қўшилмаган. 2003 йил январь ойида КХДР Шартномадан чиқди.

Ушбу Шартнома бўйича халқаро анжуман ҳар беш йилда бир марта ўтказилади. 2020 йил май ойида ўтказилиши керак бўлган ўнинчи конференция коронавирус пандемияси туфайли қолдирилган эди.

БМТ матбуот хизмати материаллари асосида

Гулруҳ Абдуллаева тайёрлади, ЎзА