French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ядро қуролидан фойдаланиш хавфи совуқ урушдан кейинги даврда энг юқори даражага чиқди
17:50 / 2025-06-13

Ўтган йил жаҳон қурол-яроғига сарфланган маблағ 100 миллиард доллардан ошди. Бу ҳақда Ядро қуролини тақиқлаш бўйича мониторинг коалицияси ва Ядро қуролини бекор қилиш бўйича халқаро кампания (ICAN) ҳисоботида айтилган.

ICAN томонидан эълон қилинган “Яширин харажат: 2024 йил ядро қуролларининг нархи” номли ҳужжатда ҳозир 9 давлат – Хитой, Франция, Ҳиндистон, Исроил, Шимолий Корея, Покистон, Россия, Буюк Британия ва АҚШ ядро қуролига эгалиги тасдиқланган. Қайд этилишича, ўтган йил шу мамлакатлар ядро қуролига аввалги йилга нисбатан 11 фоиз кўп – 100 миллиард доллардан зиёд маблағ сарфлаган. Шунингдек, хусусий сектор 2024 йилнинг ўзида ядровий шартномадан камида 42,5 миллиард доллар даромад олган. Ядровий захирани мустаҳкамлаш учун энг кўп маблағни АҚШ ажратган – 56,8 миллиард доллар. Бу миқдор бошқа барча ядро аслаҳасига эга юртлар жамланмасидан ҳам кўп. Иккинчи ўринни 12,5 миллиард доллар билан Хитой, учинчи ўринни 10,4 миллиард доллар билан Буюк Британия эгаллади.

Таъкидланишича, сўнгги беш йил ичида глобал миқёсда ядро қуролига сарфланган маблағ 68 миллиард доллардан 100 миллиард долларга кўтарилган.

Украина ва Ғазода ядровий кучлар иштирокида йирик можаролар кузатилаётгани, Ҳиндистон ва Покистон ўртасида, шунингдек Корея ярим оролида кескинлик кучайиши ҳаммани жиддий хавотирга соляпти. Аниқроғи, ядро қуролидан фойдаланиш хавфи совуқ урушдан кейинги давр ва эҳтимол тарихдаги энг юқори даражага чиққани тахмин қилиняпти.

Ҳисобот муаллифларидан бири, ICAN сиёсат ва тадқиқот масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи Алисия Сандерс-Закре айтишича, ядро қуроли мавжудлиги демократияга нисбатан ҳақоратдир.

– Демократик йўл билан сайланган раҳбарлар ўз халқининг ядро қуролидан халос бўлиш чақириғига қулоқ солиши шарт, чунки бу балони бутунлай йўқ қилиш чораларини кўриш вақти аллақачон келган, – дейди эксперт.

Г.Сатторова, ЎзА