Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ядро каллаклари сони ортиши қандай оқибатга олиб келади?
14:23 / 2022-07-14

Охирги 50 йил ичида бутун дунёда ядро каллаклари сони кескин камайган бўлса-да, ядро қуролига эга давлатлар кейинги ўн йил ичида янги қурол турини излаши башорат қилинмоқда.

Стокгольм тинчлик тадқиқотлари институти маълумотига кўра, яқин йиллар ичида ядровий каллаклар сони яна ортиши мумкин.

Кимда қанча?

“Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисида”ги шартнома 1968 йил 1 июлда имзоланган ва қуролланиш пойгаси авж олишига йўл қўймаслик мақсадида 1970 йил кучга киритилган. Бунга Иккинчи жаҳон урушида АҚШ Японияга қарши тарихда илк бор ядро бомбасини қўллагани сабаб бўлган.

Мазкур битим уч асосий тамойил - ядро қуроли тарқалишининг олдини олиш, атом энергиясидан фуқаролик мақсадида фойдаланиш ва ядровий қуролсизланишга асосланади.

Бугунги кунда тўққиз давлат ядро каллагига эга. Умумий миқдорнинг, қарийб, 90 фоизи (12 705 та) АҚШ ва Россияга тегишли. 2022 йил январь ҳолатига кўра, АҚШда 5428, Россияда эса 5997 жанговар каллак мавжуд.

Хитой 350, Франция 290, Буюк Британия 225, Покистон 165, Ҳиндистон 156, Исроил 90 ва Шимолий Корея 20 дона ядровий каллак сақламоқда.

Ядро қуролини йўқ қилиш бўйича халқаро кампания маълумотига кўра, Бельгия ва Германияда 10-15 тадан, Италияда 40 та, Нидерландия 20 та ва Туркияда 50 та АҚШ ядро бомбаси жойлаштирилган.

Муайян мамлакатдаги мавжуд ядро қуролининг аниқ сони миллий сир ҳисобланади. Демак, келтирилган рақамлар аслиятидан фарқ қилиши мумкин. Ядро қуролига эга аксар давлатлар захира ҳақида, деярли, маълумот бермайди.

Пойга тарихи

Ҳозир дунёда 13 мингга яқин ядро каллаги мавжуд. Японияга ҳужум қилишдан олдин АҚШ ҳақиқий кучини билиш мақсадида мамлакат жанубида жойлашган Янги Мексика чўлида қуролни имтиҳондан ўтказади. Синов муваффақиятли ўтгач, 1945 йил Қўшма Штатлар Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбаси ташлаган.

Минглаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган ҳужумдан сўнг совуқ урушнинг дастлабки босқичида кўпгина давлатлар юқори вайрон қилувчи кучи, доимий зарар етказувчи таъсири, ҳарбий ва психологик устунлиги туфайли ядровий мақомга эга бўлишни хоҳлаб қолди.

Собиқ Совет Иттифоқи ҳам 1949 йил Қозоғистоннинг Семипалатинск вилоятида биринчи ядровий синовини ўтказди ва АҚШдан кейин ядро қуролини яратган иккинчи давлатга айланди.

Буюк Британия илк ядро синовини 1952 йил Австралиянинг ғарбий соҳилидаги Монтебелло оролида ўтказди. Бирлашган Қиролликдан кейинги ўринда 1960 йили Африка шимолидаги Саҳрои Кабир чўлида биринчи синовни ўтказган, сўнгра ядровий синовни Тинч океани жанубига кўчирган Франция турибди. Франция ядро қуролини фақат мудофаа мақсадидагина қўллаши мумкинлигини маълум қилган.

Хитой ядровий синовни 1964 йил мамлакатнинг Шинжон-Уйғур автоном туманидаги Гоби чўлидаги Лоп Нур дала майдонида бошлаган. Хитой қуролнинг ушбу турини жавобан бериладиган зарба сифатида қўллаши мумкинлиги ҳақида айтиб ўтган.

Ҳиндистон ҳам “Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисида”ги шартномани имзолашдан бош тортди ва 1974 йил мамлакатнинг Ражастон чўлидаги Похран минтақасида ер ости синовини ўтказди. Ҳиндистондан кейин Покистон 1998 йил илк бор ядро қуролини синаб кўрди.

Шимолий Корея ядровий синов жараёнини 2006 йил, “Ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисида”ги битимдан чиққандан кейин бошлаган.

Исроил ядро қуролига оид рақамлар ҳисоб-китобга асосланади, чунки мамлакат ядровий каллакка нисбатан махфийлик сиёсатини сақлайди. Қайд этилишича, мамлакат 1960 йилларда биринчи ядро синовини ўтказган.

Жанговор каллаклар сони ортиши

Стокгольм тинчлик тадқиқотлари институтининг 2022 йилги ҳисоботида ядро қуролига эга давлатлар имкон қадар тезроқ қуролсизланиш бўйича аниқ чоралар кўрмаса, дунё бўйлаб каллаклар сони яна ортиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Айни масалада шаффоф сиёсатга эга бўлмаган Хитой ядровий салоҳиятини оширишнинг фаол босқичида турибди. Ушбу мамлакатга тегишли сунъий йўлдошдан олинган суратлар 300 та янги ракета силоси қурилаётганини кўрсатмоқда.

2021 йил Буюк Британия ядро каллаги миқдорини 260 тагача ошириш тўғрисидаги қарорини эълон қилди. Қироллик, шунингдек фаол ядро каллаклари, жойлаштирилган каллаклар ва ракеталар ҳақидаги маълумот ошкор қилинмаслигини ҳам маълум қилди.

Шимолий Корея ҳарбий ядро дастурини миллий хавфсизлик стратегияси асосига айлантирди. Тахминга кўра, ҳозирча мавжуд жанговар каллак сони 20 та атрофида бўлса-да, бу мамлакатда 40-45 жанговар каллак ишлаб чиқариш учун етарли материал бор.

Францияда эса ядровий баллистик ракета ташувчи сув ости кемаси яратиш дастури ишлаб чиқилгани эълон қилинди.

Дарвоқе, Ҳиндистон ва Покистон ҳам ўтган йили ядро каллакларини олиб юришга қодир ракеталар яратишини эълон қилган.

Хуллас, ядро қуроли яратилиши дунёдаги геосиёсий муҳитни кескин даражада ўзгартириб юборди. Бундай қуролга эга мамлакатлар жаҳон саҳнида ўзига хос ўрин тутади. Қуролнинг дунё бўйлаб аста-секин тарқалиши эса дунё геосиёсий тизимини издан чиқариши, ер сайёраси ҳаётини хавф остига қўювчи урушни келтириб чиқариши мумкин. Айниқса, қурол маълум давлат армияси томонидан эмас, балки жангари-террорчи гуруҳ томонидан қўлланса.

Тўғри, ўтган давр мобайнида жами 100 мингдан ортиқ ядро бомбаси дунё юзини кўрган бўлса, шундан атиги иккитаси ҳақиқий ҳарбий тўқнашувда қўлланган.

Бугунги кунда ядро қуроли сони ўсишидан хавф кам. Фақат қуролнинг давлатлар ёки бошқа кучлар орасида тарқалишига йўл қўймаслик зарур. Жаҳонда 7 та ядро қуролидан, яъни бомба ишлаб чиқариш, ядровий изланиш олиб бориш, қуролни ташиш ва сақлашдан холи ҳудуд мавжуд. Булар Марказий Осиё (Семипалатинск шартномаси), Австралия, Океания ва Тинч океани (Раротонга шартномаси), Лотин Америкаси (Тлателолка шартномаси), Ҳиндихитой ва Жанубий-Шарқий Осиё (Бангкок шартномаси) минтақалари, Антарктида (Антарктида шартномаси) ва Африка (Пелиндаба шартномаси) қитъалари ва Монголия давлати. Ушбу ҳудудлар ядро қуролидан холи, дея эълон қилинган.

Демак ер шарининг ярмидан кўпроқ қисмида ядро қуроли умуман тақиқланган. Айни ҳолат ушбу қуролга эҳтиёж камайиб бораётганидан дарак беради.

Нима бўлганда ҳам ядро қуроли пайдо бўлиши жаҳонни кескин даражада ўзгартириб юборди. Яъни давлатлар орасидаги муносабатда ядровий уруш келиб чиқишидан хавфсираган ҳолда дипломатик музокара авж олиб, қайсидир маънода, ер юзидаги йирик урушларга барҳам берилди.

Интернет материаллари асосида

Улуғбек Маҳмирзаев тайёрлади.

ЎзА