Атом энергетикаси замонавий иқтисодиёт ва саноатнинг барқарор ривожланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган стратегик соҳа ҳисобланади. У нафақат мамлакатнинг энергия мустақиллигини таъминлайди, балки иқтисодий ўсиш, илмий-тадқиқот салоҳиятини ошириш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашга ҳам хизмат қилади.
Бугунги кунда ядро технологияларини жорий этиш орқали экологик тоза, самарали ва узлуксиз энергия манбаини яратишга бўлган интилиш дунё миқёсида тобора ортиб бормоқда.

Куни кеча Тошкент шаҳрида “Ядро энергетика ва ядро технологияларнинг замонавий муаммолари” мавзусида XI халқаро анжуман ўтказилди. Унда маҳаллий ва хорижий олимлар ядро технологиялари соҳасидаги ютуқлар ва ечимлар бўйича фикр алмашди.
Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институти директори Илҳом Содиқов таъкидлаганидек, бу йилги анжуман алоҳида аҳамият касб этди. Чунки у нафақат атом энергетикаси ва ядро технологияларига бағишланди, балки таниқли олим, мамлакатимизда ядро фанининг асосчиси, академик Беҳзод Йўлдошев таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилди.

– Анжуман доирасида Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институтида буюк олим хотирасига бағишланган ёдгорлик монументи очилди. Шунингдек, академик Беҳзод Йўлдошевнинг ҳаёти ва илмий меросига бағишланган “Зарраларни забт этган инсон” номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Бу асарда олимнинг дўстлари, ҳамкасблари ва шогирдларининг хотиралари, унинг илмга садоқати ва фидоий меҳнати акс этган. Китобни ўқиган ҳар бир киши Беҳзод Йўлдошев шахсиятининг янги қирраларини кашф этади ва фанга бўлган муҳаббатнинг қандай кучли илҳом манбаи эканини ҳис этади, – деди И.Содиқов.
Тадбирда таъкидланганидек, бугун ядро технологиялари иқтисодиёт, энергетика, тиббиёт, фазо тадқиқотлари, шунингдек, Арктика минтақасини ўрганиш каби соҳаларда улкан аҳамият касб этмоқда. Атом энергетикасини ривожлантириш мамлакатларнинг иқтисодий ва технологик барқарорлигини таъминловчи муҳим омил ҳисобланади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА