Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яқин келажакда 3D биопринтинг технологияси билан инсон тана аъзоларини яратиш оммалашиши мумкин
18:16 / 2019-10-24

Замонавий тиббиётда тирик тўқималарни сунъий равишда ишлаб чиқариш ҳақиқатга айланмоқда.


Замонавий тиббиётда тирик тўқималарни сунъий равишда ишлаб чиқариш ҳақиқатга айланмоқда. Ушбу соҳа бўйича дунёнинг етакчи мутахассисларидан бири, Ганновер университети профессори Борис Чичков РИA Новостига лазерли биопринтинг соҳасидаги янгиликлар ҳақида сўзлаб берди.

Борис Чичковнинг таърифича, лазерли 3D биопринтинг замонавий регенератив тиббиёт йўналиши бўлиб, унинг принципи жуда оддий: ҳужайра материали лазернинг кичик зарба тўлқини ёрдамида объектга қаватма-қават узатилади. Замонавий лазерлар секундига миллион пульсни "яратишга" қодир, бу унинг жуда жуда тезкор технология эканлигини англатади.

Олим ушбу технология қандай муаммоларни ҳал қилиши мумкинлигига тўхталган.“Энг муҳими, бу инсон аъзоларини ўстиришга ва уларни трансплантация қилиш хавфини камайтиришга имкон беради. Агар тенденциялар шу суръатда давом этса, тахминан беш-ўн йил ичида биз лазерли биопринтинг технологияси билан яратилган тана аъзолари ҳақида эшитамиз”, деган у.

Бугунги кунгача лазерли биопринтинг соҳасида қандай натижаларга эришилган?

Олим мазкур саволга жавобан, эндиликда тери, юрак, буйрак, жигар учун турли хил тўқималарни босиб чиқариш мумкинлигини айтган. Унинг қўшимча қилишича, жаҳонда айни йўналишда тадқиқот олиб бораётган кўплаб илмий марказлар мавжуд. “Замонавий тиббиётнинг барча вазифаларини шифокорларнинг ўзи ҳал қила олмайди, шунинг учун биологлар, физиклар, кимёгарлар, муҳандислар биргаликда ишлашлари керак, бу муваффақият сиридир”, деган Борис Чичков.

Олимнинг аниқлик киритишича, биопринтер орқали тана аъзоларини босиб чиқаришда ҳужайра материалларидан фойдаланилади. Бу ҳужайралар тирик бўлиши ва ирсий кодга эга бўлиши лозим.

Тананинг ҳар қандай мураккабликдаги аъзосини биопринтинг ёрдамида яратиш мумкинми, деган саволга олим “ҳозирча йўқ”, деб жавоб берган. Унинг изоҳлашича, бу ишни амалга ошириш учун соҳадаги баъзи бир муаммоларни ҳал қилиш лозим. Аввало чоп этиладиган тана аъзосида қон томирларнинг тўғри тизимини яратиш керак бўлади. Ҳозирча бунинг имкони йўқ.

Борис Чичковга кўра, биопринтинг технологияси катта келажакка эга ва инсоният ҳаётини ўзгартириб юборади. “Тасаввур қилинг, сиз бориб ўзингиз учун эҳтиёт қисмларни худди машинангиз учун олгандай харид қилишингиз мумкин. Aввалига бу жуда қимматга тушади, аммо вақт ўтиши билан вазият ўзгаради. Бундан ташқари, технология мутлақо хавфсиздир”, деган олим.