Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ы операцияси: “Йирик бизнес” фош қилинди
10:36 / 2025-10-08

Буюк Британия полицияси халқаро миқёсдаги телефон ўғрилари тўдасини фош этди. Терговчилар гуруҳ бир йил ичида 40 000 та ўғирланган мобил телефонни Хитойга жўнатганини тахмин қилмоқда.

Лондон полицияси воқеани “қироллик тарихидаги энг йирик телефон ўғирлиги амалиёти” деб атади. Иш бўйича 18 киши ҳибсга олинган, 2 000 дан ортиқ ўғирланган қурилма топилган.

BBC хабар беришича, тергов бир йил аввал Хитроу аэропорти яқинидаги омборхонадан топилган бир дона “iPhone” билан бошланган. Кейин ўша жойда 894 та ўғирланган телефон борлиги аниқланди.

Тергов давомида полиция 28 манзилда тинтув ўтказди ва халқаро миқёсдаги ноқонуний олди-сотди тармоғини фош этди. Жиноятчилар Лондоннинг энг гавжум жойлари, хусусан “West End” ва “Westminster” ҳудудларида фаолият юритган.

Сўнгги йиллари Лондонда телефон ўғирлиги кескин кўпайган: 2020 йилдаги 28 000 ҳолат 2024 йил 80 000 га етди. Ҳозир Буюк Британиядаги барча телефон ўғирликларининг учдан икки қисми айнан пойтахт ҳиссасига тўғри келади.

Метрополитен полицияси маълумотига кўра, гуруҳ асосан “Аpple” маҳсулотларини нишонга олган. Ўғрилар ҳар бир “iPhone” учун 300 фунт стерлинггача олган. Хитойда шундай қурилма 4 000 долларгача сотилади.

Полиция шу тармоқ орқали Лондонда ўғирланган телефонларнинг ярми Хитойга чиқарилганини фараз қилмоқда.

– Сўнгги йилларда телефон ўғрилари фаолияти шу даражада урчиди-ки, ҳатто,кўпчилик ушбу машғулотни деб “гиёҳвандлик савдосидан воз кечяпти, – дейди мамлакат ички ишлар вазири Сара Жонс.

Лондон полицияси ижтимоий тармоқ орқали телефон ўғирлигига қарши курашни тарғиб қилувчи видео лавҳалар тарқатмоқда. Салбий ҳолатларни аниқлаш мақсадида қўшимча 80 нафар янги ходим марказий ҳудудларга жойлаштирилди. Дарвоқе, аввалроқ бюджет танқислиги сабаб, келаси йил тизимда 2 000 нафар зобит қисқартирилиши режалаштирилгани ҳам айтилган.

Мусулмон Зиё, ЎзА