Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Йўл патрули" мусобақаси ғолиби аниқланди
11:00 / 2020-09-04

Айнан биринчи кунги шартларга кўра жамоамиз вакили Сиддиқ Аъзамов автомобилни экстремал бошқариш борасида мусобақа рекордини янгилади.


2020 йилнинг 25 августидан 3 сентябрига қадар Қўқон шаҳри мезбонлик қилган АрМИ-2020 Халқаро армия ўйинларининг «Йўл патрули» баҳсида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган юрт ўғлонлари биринчи ўринни қўлга киритди.

Мудофаа вазирлиги ҳарбий автомобиль назорати инспекторлари –капитан Мансуржон Акобиров, сержантлар Сиддиқ Аъзамов ва Фарҳод Мусаев пистолет ва автоматдан ўқ отиш, экстремал бошқариш ва йўл ҳаракати ҳодисаси пайтида содир бўлиши мумкин бўлган ўт ўчириш ҳамда жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш шартлари бўйича ўз маҳоратларини намойиш этишди.

Айнан биринчи кунги шартларга кўра жамоамиз вакили Сиддиқ Аъзамов автомобилни экстремал бошқариш борасида мусобақа рекордини янгилади. У конуслар билан чегараланган махсус қисқа ва тор йўлакни босиб ўтишда 1,23 сония вақт сарфлаб, бирорта ҳам конусни йиқитмаган ҳолда 2019 йилда Россия терма жамоаси ўрнатган рекордни янгилади.

Индивидуал ва жамоавий пойга баҳсларида қатнашчилар икки айланадан иборат олти километрлик масофани босиб ўтишда белгиланган нуқталарда тегишли шартларни бажарди. Макаров пистолети, автоматдан ўқ отиш, экстремал бошқариш, йўл ҳаракати ҳодисаси пайтида содир бўлиши мумкин бўлган ўт ўчириш ҳамда жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатишни деярли бехато амалга оширган юрт ўғлонлари тезлик борасида рақибларидан анча ўзиб кетишга муваффақ бўлди.

Дастурга кўра, жамоалар вакиллари сўнгги икки шарт – автомобиль ғилдиракларини алмаштириш ва йўл ҳаракатини бошқариш (конкурсдан ташқари) борасида баҳс олиб борди. Кичик сержант Музаффар Тулябаев ва катта лейтенант Жамолиддин Эгамбердиев жуфтлиги 1 дақиқа 14,76 сонияда автомобиль шинасини алмаштириб, ўзларига топширилган вазифани аъло даражада бажарди.

Бу натижа «Йўл патрули» мусобақасининг навбатдаги рекорди сифатида қайд этилди. Бу шартдаги аввалги рекорд ҳам Ўзбекистон терма жамоасига тегишли бўлиб, 2019 йилда йигитларимиз автомобиль ғилдирагини 1 дақиқа-ю 34,82 сонияда алмаштиришга муваффақ бўлган.

Конкурсдан ташқари ўтказилган йўл ҳаракатини бошқариш шартида сержант Жўрабек Қодиров, Алексей Серебров (Россия Федерацияси) ва Александр Шеглов (Беларусь Республикаси) энг яхши инспекторлар сифатида ўзларини кўрсатишди.

Қайд этилган натижалар якунига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси биринчи, Россия Федерацияси иккинчи, Беларусь Республикаси учинчи ўриндан жой олди. Шунингдек, ҳакамлар ҳайъати томонидан индивидуал йўналишда ҳам номинантлар аниқланди. Унга кўра, сержант Сиддиқ Аъзамов (Ўзбекистон, «Экстремал ҳайдовчи»), сержант Фарҳод Мусаев (Ўзбекистон, «Универсал мутахассис»), капитан Мансуржон Акобиров (Ўзбекистон, «Профессионал»), сержант Жамолиддин Эгамбердиев ва кичик сержант Музаффар Тулябаев (Ўзбекистон, «Энг яхши техник ёрдам»), лейтенант Казбек Авсанов (Россия Федерацияси, «Максимал форсаж»), подполковник Сергей Кипеть (Беларусь Республикаси, «Энг яхши жамоа сардори») номинациясида ғолиб, деб топилди.

Тантанали ёпилиш маросимида сўзга чиққанлар юқорида эришилган ютуқларга алоҳида тўхталиб, мамлакатимизда АрМИ-2020 Халқаро армия ўйинларининг «Йўл патрули» баҳси ҳар томонлама юқори даражада ташкиллаштирилганини яна бир бор таъкидлади.

Тадбирда ғолиб жамоалар якка тартибда ҳамда жамоавий тарзда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан муносиб рағбатлантирилди.

photo_2020-09-04_10-56-15 (2).jpg

photo_2020-09-04_10-56-15.jpg

photo_2020-09-04_10-56-16.jpg