Шу кунларда Италиянинг Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида XXV қишки Олимпия ўйинларида 93 та давлатнинг 2871 нафар спортчиси 8 та спорт турининг 16 та йўналишида ўзаро рақобатлашмоқда.
Олимпиаданинг 9 февраль кунги ҳолатига кўра, медаль жамғаришда Норвегия делегацияси 3 олтин, 1 кумуш, 2 бронза жами 6 та медаль билан умумжамоа ҳисобида пешқадам бўлиб турибди. АҚШ эса 2 та олтин билан иккинчи ўриндан жой олган бўлса, кучли учликни италиялик спортчилар 1 та олтин, 2 та кумуш ва 6 та бронза медалга эга чиққан ҳолда якунлаган.

Ҳисобида 1 тадан олтин ва бронза ҳамда 2 та кумушга эга Япония 4-ўринда, ягона олтин ва икки кумушни қўлга киритган Австрия 5-поғонада қайд этилмоқда. Германия делегациясида 1 тадан олтин, кумуш ва бронза мавжуд бўлиб, улар 6-ўринни банд этмоқда. Чехия, Франция ва Швециядан келган спортчилар ҳозирча бир хил — 1 тадан олтин ва кумушга эга бўлиб, 7-9 ўринларда турибди. 1 та олтинни қўлга киритган Швейцария жамоаси 10-ўринда қолмоқда.

Шунингдек, Корея Республикаси ва Словения 1 та кумуш, Болгария, Канада ва Хитой эса 1 та бронза медалга эга. Қолган давлат спортчилари ҳозирча медални қўлга кирита олмаган.

Эслатиб ўтамиз, 22 февраль кунига қадар давом этадиган XXV қишки Олимпия ўйинларида мамлакатимиз шарафини тоғ чанғисида Медет Назаров, шорт-трек спорт турида эса Даниил Ейбог ҳимоя қилади.
Жумладан, Медет Назаров 14 февраль куни гигант слалом дастурида, 16 февралда слалом дастурида, Даниил Ейбог эса 16 февраль куни 500 метрлик баҳсларнинг саралаш босқичида ҳамда 18 февралда ушбу масофада ўтадиган финал мусобақаларида стартга чиқиши кутилмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА