Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
XXI асрда Ибн Синога мурожаат қилмас эканмиз, бола жуссасини дорихона омборига айлантираверамиз
16:05 / 2020-08-16

16 август - Шарқ табобати султони Абу Али ибн Сино таваллудига 1040 йил тўлди.


16 август - Шарқ табобати султони Абу Али ибн Сино таваллудига 1040 йил тўлди. Биз эса табибнинг ёш оналарга бағишланган маслаҳатларини илиндик.

Аслида дардини берган Аллоҳ даъвосини ҳам бериб қўйган, афсуски ўзимиз неъматлар ҳақида тафаккур қилмаслигимиз, дарддан фориғ бўлиш учун ҳафсала қилмаслигимиз оқибатида панд еб қоламиз. Она табиатнинг ўзи беминнат табиб эканлиги, унинг тиббий маслаҳатларини эшита олмаяпмизми, ҳеч бўлмаса бобомиз Ибн Сино мероси орқали идрок қилиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Биргина мисол, чақалоқнинг чоти «пишиб» қолдими, дарров дорихонага югурамиз. Боланинг «пишган» чотига сепиладиган дори топилмаса, тамом, ваҳима босади: «Энди нима қиламан?».

Ваҳоланки, ўн бешта болани бешикка белаган қаҳрамон оналаримиз безовта бўлмаган. Чақалоқнинг пишган чотига арпа уни шифо эканлигини билиб, уни халтачада осиб қўйишган.

Оддий аммо табиий даво усулини билишган. Бугун-чи? Бугун қайси хонадонда табиий гиёҳлар сақланадиган бурчак бор? Қайси кўчада гиёҳли фитобарлар ташкил этилган, қайси она қулоғи оққан чақалоғи учун Абу Жаҳл тарвузи уруғини олиб келяпти? Бир кунда маҳаллий телеканалларда неча марта Ибн Синонинг тиббий маслаҳатлари бериб бориляпти?

Демак, биз XXI асрда Ибн Синога мурожаат қилмас эканмиз, ичи қотган бола қорнини ёғ билан силаш ўрнига унинг жуссасини дорихона омборхонасига айлантираверамиз.

БАЪЗИ БОЛАЛАРДА...

Буюк табиб таъбирича, баъзи болада ич қотиш пайдо бўлади. Шундай вақтда болага озгина асал ёки нўхат миқдорича сақич дарахти сақичи едирилади. Қоринчаси зайтун ёғи билан секин силанади, киндигига тоғ бинафшаси суви суртилади.

Баъзи болада тиш чиқиш олдидан тиришиш касали пайдо бўлади. Сабаби, асабларнинг кучсизланиши ва ҳазмнинг бузилишидир. Бу айниқса гавдаси хомсемиз болада кўпроқ бўлади.

Баъзи болада йўтал ва тумов пайдо бўлади. Шундай пайтда боланинг бошидан кўпроқ иссиқ сув қуйиш, тилига кўпроқ асал теккизиш лозим. Кўпроқ қустириш учун тилнинг орқасига бармоқ теккизилади. Беҳи уруғи, чучукмия шираси ва каллақанддан бир миқдорда солиб, янги соғилган сут билан болага ичирилади.

Баъзи боланинг нафас олиши ёмонлашади. Икки қулоғининг таги ва тилнинг юқориси зайтун билан мойланади ва қустирилади. Боланинг тилини ёғ билан ишқалаш ҳам фойдали. Боланинг оғзига иссиқ сув томизилади ва зиғир уруғи бир миқдорда асалга қўшилиб ялатилади.

Баъзи болада оғизнинг чақа бўлиши (ширча) пайдо бўлади. Оғиз чақа бўлишининг энг ёмони-кўмирдай қорайиши, бу ҳалокатдир. Оқ ва қизил ранглиси тузалувчидир. Бунда чучукмиянинг янчилган илдизи суртилади. Шотут шираси ёки ғўра узум шираси ҳам даводир.

Баъзи боланинг қулоғи оқади ёки оғрийди. Чунки боланинг мияси ҳўлдир. Каклик ўти, тоштуз, ясмиқ, Абу Жаҳл тарвузи уруғидан қайси бўлса ҳам ёғда қайнатилади, қулоққа томизилади.

Баъзи боланинг кўзлари бодланиб шишади. Бундай кўзлар мойчечак ёки тоғ қора райҳонининг суви билан ювилади. Бола кўп йиғласа, кўзининг қорасида оқлик пайдо бўлади, киприк атрофи яллиғланади. Шу пайтда итузумнинг сиқиб олинган суви даво бўлади.

Баъзи бола иситмалайди. Бунда болани иссиқ кийинтириш керак. Эмизувчи онага анор сувига сиканжабун аралаштирилиб ичирилади. Сўнгра бола терлатилади.

Баъзи боланинг қорни бураб оғрийди, кўп йиғлайди. Боланинг қорни иссиқ сув билан ва озгина мум аралаштирилган иссиқ ёғ билан силанади.

Баъзи болада кетма-кет аксириш вужудга келади. Бу миядаги шишдан пайдо бўлади. Янчилган тоғ қора райҳонидан бурун тешикларига пуфланади.

Баъзи боланинг баданларидан майда тошмалар пайдо бўлади. Қора ярага айланса, ҳалокатдир. Оқ ва қизилини даволаш мумкин. Тошмалар то пишиб етилгунча кутилади, кейин даво қилинади. Ярага айланган тошмалар устига қўрғошин кукунидан сепилади. Юлғун дарахти барглари солинган суви ёки сода қўшилган асал суви билан ювилади. Ҳамма давонинг энг зўри онанинг овқатини тузатишдир.

Баъзи бола кўп йиғласа, киндиги чиқиши, кўтарилиши ёки дабба бўлиши мумкин. Янчилган нонхоҳ тухум оқига қорилиб хамир қилинади ва касал жойга қўйилади. Устидан юпқа каноп билан ўраб қўйилади.

Баъзи болада ҳиқичоқ пайдо бўлганда ҳинд ёнғоғини шакар билан ичирмоқ лозим.

Бола уйқусида қўрқинчли тушлар кўрса, бунга боланинг баднафслиги сабаб бўлади. Бола яхшилаб тўйдирилади ва ухлатилмайди. Асал ялатилади. Бу меъдадаги нарсани ҳазм қилади ва тез ўтказиб юборади.

Баъзи боланинг қизилўнгач ва оғиз ораси томоғида шиш пайдо бўлиб, у бўйин умуртқаси мушакларига қадар чўзилади. Шунда орқа тешик орқали боланинг ичи юмшатилади. Шотут ва ва шираси билан даво қилинади.

Баъзи болада шайтонлаш касаллиги пайдо бўлади. Каклик ўт ва зирадан тенг миқдорда янчилади, болага уч ҳабба (бир ҳабба оғирлик ўлчови-0,059 г) ичирилади.

Баъзи боланинг кўтани чиқиб қолади. Шундай вақтда анор пўсти, ҳўл мирта ўсимлиги, дуб ёнғоғи, қуруқ қизил гул, куйдирилган шох, Яман аччиқтоши, эчки туёғи ва анор гули сувда қаттиқ қайнатилади, қайнатилган сув илиқ бўлгач, бола ўша сувга ўтирғизилади.

Баъзи болада совуқ тегиши билан ичкетиш пайдо бўлади. Исириқ ва зира бир сиқим янчиб эланади ҳамда эскирган қорамол ёғи билан қорилади. Сўнгра совуқ сув билан ичирилади.

Баъзи боланинг сонлари пишиб қолади. У ерга мирта, гулсапсар илдизи янчиб сепилади ёки арпа уни сепилади.

Баъзи боланинг ичида гижжа пайдо бўлади. 20 кун ёки 1 ой ўт ҳайдовчи (маккажўхори попуги)ни берилса, лямбля ўлиб кетади.

Демак, болангизга ширин маккажўхорини қайнатиб бергач, унинг попугини асло ахлатга ташламанг. Гарчи, сиз кўп қаватли уйда яшайсиз, сизда қўй-қўзи йўқдир. Аммо унинг қайнатилган сувида гижжа балосига қарши шифо бор. Озгина тафаккур қилсак, бўлгани.

«Тиб қонунлари» китоби асосида тайёрланди.

Умурова Иқбол,
“IBN SINO VORISLARI”
тарғибот гуруҳи аъзоси