Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
XX асрда қайта дафн этилган малика
16:27 / 2021-03-16

Самарқанд шаҳрида Сиёб бозори яқинида Амир Темур жоме масжиди рўпарасида Сароймулкхоним – Бибихоним мақбараси жойлашган.

Мақбара XIV аср охирида Сароймулкхоним томонидан қурилган мадрасанинг таркибий қисми сифатида, маликанинг онаси шарафига бунёд этилган.

Бибихоним мадрасасидан бизгача ҳеч нарса етиб келмаган. Бироқ унинг юқори қисмида жойлашган мақбара ҳануз қад кўтариб турибди. Ушбу мақбара ҳам Амир Темур мақбараси сингари икки қаватли – сағана ва зиёратхонадан иборат қилиб қурилган. Мақбаранинг икки қават эканлиги, яъни ертўла қисмида қабрлар борлигини 1875 йилгача ҳеч ким билмаган. Шу йили зилзила содир бўлиб сағананинг шифти қулаб тушади ва шундан сўнг бу ерда тобутлар борлиги маълум бўлиб, халқ орасида бу тобутлардан бири Бибихонимга тегишли эканлиги хусусида гап тарқалади.

Мақбарадаги қабрлар дастлаб 1875 йилда очилган. Иккинчи марта 1926 йилда бир гуруҳ ўғрилар томонидан очилади. Улар тобутларни титиб, марҳумларнинг тақинчоқлари ва бошқа буюмларини ўғирлаган.

1941 йилда Амир Темур мақбарасидаги қабрлар билан бир вақтда Бибихоним мақбарасидаги қабрлар ҳам очилади. Натижада тобутлардан бири Бибихонимга тегишли деган тўхтамга келинади.  

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси фондларида ушбу мавзуга алоқадор ҳужжатлар сақланади. Уларни ўрганиш давомида маълум бўлишича, тадқиқотлардан сўнг Сароймулкхонимнинг мўмиёланган жасади Тошкент шаҳридаги ўша вақтдаги Шпилькова (ҳозирги Ракатбоши) кўчасида жойлашган ва 1937 йилда ташкил этилган ҳунармандчилик музейига топширилган экан.  

1946 йилда Самарқанд музейи директори Мамат Юсупов ҳунармандчилик музейида ташкил этилган кўргазмага боради. Кўргазма давомида музей директори унга намойиш этилаётган махсус қутига жойланган усти ойнали қопқоқ билан ёпилган Сароймулкхонимнинг мўмиёланган жасадини кўрсатади. Шундан сўнг М.Юсупов малика жасадини Самарқандга олиб келиш ва ўз жойига қайта дафн этиш учун Ўзбекистон министрлар совети ҳузуридаги маданий-оқартув муассасалари ишлари комитети (кейинчалик маданият вазирлиги)га мурожаат қилади.  

Комитетнинг 1946 йил 14 сентябрдаги №1376-сонли буйруғи билан малика жасадини Самарқандга қайтариш ва Ўзбекистон Фанлар академияси тарих ва археология институти археология сектори раҳбари В.Шишкин раҳбарлигида қайта ўз жойига дафн этишга рухсат берилади. Ушбу олим қабрларни очиш ишларида ҳам иштирок этган эди.  

Малика жасади Мамат Юсупов томонидан махсус қутига жойланиб, тўртта ёлланма ишчи кўмагида Тошкент аэродромига олиб келинади. Бироқ ўша куни самолёт бўлмаганидан жасадни аэродром омборхонасида сақлашга мажбур бўлинади. Кейинги кун самолёт ёрдамида Самарқандга олиб келиниб, аэродромдан музейгача музейнинг хизмат машинасида келтирилади.

Энди малика жасадини ўз жойига қайта дафн этиш ишлари қолган эди. Юқорида таъкидланганидек, бу жараёнга Ўзбекистон министрлар совети ҳузуридаги маданий-оқартув муассасалари ишлари комитети буйруғига кўра В.Шишкин раҳбарлик қилиши керак эди. Бироқ В.Шишкин археологик экспедицияда бўлганлиги сабабли Самарқандга келиши чўзилиб кетади.

Шундан сўнг 1950 йил 10 июнь, шанба кунида Самарқанд вилоят архитектура ишлари бўлими, Самарқанд музейи, Ўзбекистон фанлар академиясининг Самарқанд бўлими, Давлат хавфсизлик министрлиги вакиллари 20 дан ортиқ олим ва мутахассис иштирокида майит ўз жойига қайта дафн этилади.  

Ҳозирда Бибихоним мақбараси музейга айлантирилиб, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси тасарруфига олинган.  

Маҳмудхон Юнусов,

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси  

бош муҳофизи