Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
XIII Тошкент халқаро кинофестивалига тайёргарликлар қизғин
22:37 / 2021-09-17

Мамлакатимизда кино санъати бўйича бўлиб ўтадиган катта халқаро тадбирга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Маълумки, «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланди. Ушбу форум эндиликда Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Жумладан, жорий йил 28 сентябрь – 3 октябрь кунлари Кинематография агентлиги “Ўзбекфильм” киноконцернида “Ипак йўли дурдонаси” XIII Тошкент халқаро кинофестивали бўлиб ўтади. Айни кунларда ушбу фестивалнинг махсус ишчи гуруҳи халқаро тадбирга қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

 Кеча ишчи гуруҳининг тайёргарлик ишлари муҳокамасига бағишланган навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фестивалга 15 дан ортиқ давлатдан ташриф буюриши кутилаётган иштирокчилар, машҳур кино юлдузлари ва меҳмонларни кутиб олиш ва жойлаштириш билан боғлиқ тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.  

– Халқаро фестиваль давомида “Жаҳон мамлакатларп киноси кунлари”, “Марказий Осиё мамлакатлари киноси кунлари” ўтказилиши режалаштирилган,– дейди Ўзбекистон кинематографиясини ривожлантириш маркази директори Барно Ўнгбоева. – Унда  Россия, Туркия, Корея, Германия, Италия, Польша, Япония, Озарбайжон, Ҳиндпстон, Беларусь, Миср, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон каби мамлакатлардан меҳмонлар ташриф буюради. Ушбу фестиваль давомида  бир қатор тадбирларни ўтказиш кўзда тутилган. Жумладан, “Марказий Осиё мамлакатлари киноси” мавзусида киноконференция, миллий фильмлар намойишлари, киноижодкорлар иштирокида давра суҳбатлари, кўрсатувлар, тақдимотлар, ёшлар фильмлари намойишлари, мастер-класс, тренинг, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирлар режалаштирилган ва бунинг учун барча тайёргарлик кўрилмоқда.  

Кино санъати оламидаги ушбу муҳим халқаро тадбир қайта тиклангани ушбу соҳани ривожлантириш, тараққий эттириш баробарида давлатларнинг ўзаро тажриба алмашишида муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳам ишчи гуруҳ томонидан “Ипак йўли дурдонаси” XIII Тошкент халқаро кинофестивалини кўтаринки руҳда ўтказиш учун тайёргарлик ишлари қизғин олиб борилмоқда.  

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА