Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
WP: АҚШ Россияни терактдан огоҳлантирган
15:58 / 2024-04-03

“Washington Post” газетаси шахсини ошкор этмаган америкалик мулозимга таяниб ёзишича, АҚШ ҳукумати Красногорскдаги терактдан икки ҳафта олдин Россия томонига “Крокус Сити Холл” ҳужум нишонига айланиши мумкинлигини айтган.

– Икки ҳафтадан кўпроқ вақт олдин АҚШ ҳукумати россиялик давлат мулозимларига Москва яқинида террорчилар ҳужум уюштириши мумкинлиги хусусида хабар жўнатган, – дейилади материалда. – Ҳужум нишони “Крокус Сити Холл” концерт зали бўлиши мумкинлиги ҳам қўшимча қилинган.  

Аввалроқ Оқ уй вакили Жон Кирби АҚШ 7 март куни Россия махсус хизмат идорасига террор хуружи тайёрланаётгани бўйича ёзма равишда огоҳлантириш берганини маълум қилган, бироқ ушбу маълумот айнан қандай фактларга таянилгани ҳақида ҳеч нима дейилмаганди.  

Ўтган ҳафта Давлат департаменти расмий вакили Мэттью Миллер ҳам Қўшма Штатлар Россияни террор таҳдидидан бир неча бор огоҳлантиргани тўғрисида баёнот берди.  

“New York Times” газетаси Европа ва Америка хавфсизлик хизмати вакилларига таяниб, АҚШ махсус хизмати Россияга, манбани ошкор қилиб қўйишдан қўрқиб, террор ҳужуми таҳдиди бўйича ўзларида мавжуд маълумотни тақдим этмаганини ёзди.  

“РИА Новости” тарқатган хабарга кўра, РФ Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин журналистларга “Крокус Сити Холл”га террор хуружи эҳтимоли юзасидан Федерал хавфсизлик хизмати АҚШдан муайян, лекин ўта умумийлашган маълумот олганини билдирди.  

– Ҳақиқатан Федерал хавфсизлик хизмати АҚШ махсус хизматидан маълум бир ахборот олган, – деди мулозим РФ Ташқи разведка хизмати ва Беларусь Давлат хавфсизлиги қўмитаси вакиллари иштирокидаги мажлисдан сўнг. – Афсуски, маълумот ўта умумий кўринишда бўлиб, ушбу даҳшатли жиноятда кимлар иштирок этиши мумкинлигини тўла ошкор этиш имконини бермаган.  

С.Раҳимов, ЎзА