«Hotel Inspira-S Tashkent» меҳмонхонасида Ўзбекистон касб-ҳунар таълими тизимига World Skills стандартларини жорий этишга бағишланган халқаро семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Жанубий Корея, Беларусь, Қозоғистон ва Озарбайжондан келган хорижий экспертлар иштирок этди. Улар ўз мамлакатларида World Skills стандартларини жорий этиш тажрибаси билан ўртоқлашди. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Меҳнат бозори тадқиқотлари институти директори М.Муҳаммедовнинг сўзларига кўра, World Skills International — халқаро нотижорат уюшмаси бўлиб, унинг мақсади бутун дунё бўйлаб касбий тайёргарлик мақоми ва малака стандартларини ошириш ҳисобланади.
Меҳнат бозорининг ҳолати – ҳар қандай давлат тараққиётининг муҳим кўрсаткичидир. Шу боис кадрларни тайёрлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда 339 та касб-ҳунар мактаби, 201 та касб-ҳунар коллежи ва 185 та техника мактаблари (техникум) фаолият юритади.
- Бугунги семинар доирасида 40 кишидан иборат ишчи гуруҳимиз аъзоларининг якуний ҳисоботлари тақдим этилди, - дейди “Мулоқот” ННТ ижрочи директори Д.Иброҳимов. –Улар манфаатдор вазирлик ва идоралар, уюшмалар, касб-ҳунар коллежлари, шунингдек, потенциал иш берувчилар вакиллари сифатида қатнашмоқда. Ўтган ўн икки ой давомида ишчи гуруҳ аъзолари томонидан World Skills стандартлари асосида еттита касб бўйича малака талаблари, ўқув режалари, таълим дастурлари ва фан модулларининг янги андозалари ишлаб чиқилди. Касблар меҳнат бозоридаги талаб кўрсаткичларидан танлаб олинди. Шунинг учун ғишт териш, қуруқ қурилиш, сантехника, электр газ пайвандлаш, ошпазлик ва сарторошлик иши каби ўқитиш йўналишлари танланган. Шунингдек, касбга масофавий ўқитиш мақсадида таълим платформаси яратилди. Ҳозирда у тест режимида ишламоқда.
Тадбир якунида маҳаллий ва хорижий мутахассислар томонидан касб-ҳунар таълимини ривожлантириш юзасидан фикр ва мулоҳазалар алмашилди.
Роман БОНДАРЧУК