Аввал хабар берганимиздек, пойтахтимизга Бутунжаҳон пара енгил атлетика федерацияси президенти Пол Фицджералд ҳамда ташкилот бош менежери Мартин Чорли амалий ташриф билан келган эди.
Улар ташриф давомида Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига ташриф буюриб, муассасадаги спорт иншоотлари ва спортчиларга хусусан, пара атлетлар учун яратилган шароит билан яқиндан танишди. Бундан ташқари, Бутунжаҳон пара атлетика федерацияси мутасаддилари Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида ҳам бўлди.
Мартабали меҳмонлар Миллий паралимпия қўмитасида ҳам бўлиб, у ерда ҳар иккала томон ўртасида истиқболли режалар муҳокама қилинди.

Пол Фицджералд ва Мартин Чорли Миллий паралимпия қўмитаси раҳбарияти ҳамроҳлигида Тошкент вилоятида жойлашган "Янгиобод" ўқув-машғулотлар базасига йўл олди. У ерда пара енгил атлетикачиларнинг мусобақаларга тайёргарлик кўриши учун яратилган шароитлар, спорт иншоотлари, яшаш жойларининг ҳолатлари кўздан кечирилди. Сафар давомида ҳозирда ўқув-машғулот йиғинини олиб бораётган пара енгил атлетика бўйича терма жамоа аъзолари билан суҳбатлашди.

Шу тариқа, мартабали меҳмонларнинг мамлакатимизга ташрифи ўз якунига етди.

Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА