English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
World Boxing кубогида зафар қучган боксчиларимиз тантанали кутиб олинди
18:54 / 2025-11-21

Бугун, 21 ноябрь куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида ўтказилган World Boxing кубогида 4 та олтин, 5 та кумуш ва 4 та бронза медалларини қўлга киритиб, мамлакатимиз шарафини улуғлаган боксчиларимиз тантанали кутиб олинди.

Кутиб олиш маросимида иштирок этган мутасадди раҳбарлар, мураббийлар, спортчиларнинг ота-оналари терма жамоамиз аъзолари қўлга киритган ушбу ғалабалар келгуси ютуқларга пойдевор эканлигини таъкидлади.

World Boxing ташкилотига аъзо давлатларнинг маҳоратли боксчилари ўртасида 20 та вазнда кечган шиддатли жанглар сарҳисобига кўра, умумжамоада ҳиндистонликлар ўз уйидаги мусобақада 1-ўринни эгаллаган бўлса, мамлакатимиз вакиллари 2-ўриндан жой олди.

– Халқаро мусобақаларда эришиладиган ҳар қандай муваффақият терма жамоамиз аъзолари учун жуда қадрли. Боиси, спортчиларимизнинг ўзига бўлган ишончи ортади, тажриба тўпланади. Рақибларнинг имкониятлари ўрганилади. Ҳиндистондаги World Boxing кубоги айни жиҳатлари билан биз учун аҳамиятли бўлди, – дейди терма жамоа бош мураббийи Тўлқин Қиличев.

Айтиш лозим, 2028 йилги ёзги Олимпия ўйинларига муҳим рейтинг очколарни тақдим этадиган World Boxing ташкилоти кубоги баҳслари 4 та босқичдан иборат бўлиб, унинг сўнгги мусобақалари Ҳиндистонда поёнига етди.

Маълумки, жорий йил 31 март-5 апрель кунлари Бразилияда ўтган илк босқичда ҳамюртларимиз 5 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалига эгалик қилиб, умумжамоада етакчиликка эришганди. Ундан кейин 10-17 май кунлари Польшанинг Варшава шаҳрида ўтган 2-босқичда 6 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза билан етакчиликни сақлаб қолганди. Қозоғистоннинг Остона шаҳрида 28 июнь-7 июль кунлари ташкил этилган 3-босқичда Элшод Расулов мураббийлигидаги қизларимиз 1 та олтин ва 4 бронза медалига эга чиққанди.

Эътиборли жиҳати, терма жамоамиз аъзолари тўртта босқичдан иборат World Boxing кубоги баҳсларида муҳим рейтинг очколарини жамғаришга муваффақ бўлди.

Кутиб олиш маросимида ўзбек боксининг куч-қудратини, довруғини достон этган боксчи ёшларимизга эсдалик совғалари ва гуллар тақдим этилди.

Т.Рўзиев, ЎзА