English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Women’s Chess Championship” IV халқаро турнири бошланади
10:07 / 2026-03-10

Бугун, 10 март куни Бухорода дунёнинг бир қатор давлатларидан юртимизга келган энг маҳоратли шахматчи хотин-қизлар иштирокида “Women’s Chess Championship” IV халқаро турнирининг дастлабки тур ўйинлари бўлиб ўтади.

Дунёнинг 15 га яқин давлатидан 100 нафардан зиёд маҳоратли шахматчи хотин-қизлар иштирок этаётган турнир “Masters", "Challengers" ва "Futures" гуруҳларида швейцарча тизимда ташкил этилади.

“Masters" гуруҳида рейтинг кўрсаткичи 2450 дан юқори бўлган 10 нафар иштирокчи дона суради.

Улар орасида ФИДЕ рейтингида 16-ўринда жойлашган грециялик  Ставрула Цолакиду биринчи рақам остида таснифланган бўлса, ҳиндистонлик Харика Дронавалли, украиналик Юлия Осмак, ФИДЕ байроғи остида Лея Гарифуллина, озарбайжонлик Ульвия Фаталиева, ҳамюртимиз Афруза Ҳамдамова, россиялик Ольга Гирия, юртдошларимиз Гулруҳбегим Тоҳиржонова ва Умида Омонова кейинги қаторларда келтириб ўтилган.

"Challengers" гуруҳида умумий ҳисобда 41 нафар қатнашчи ғолибликка даъвогарлик қилса, уларнинг 11 нафари ўзбекистонлик, 30 нафари чет эллик шахматчи хотин-қизлардан ташкил топган.

"Futures" гуруҳида 62 нафар иштирокчи ғолибликка даъвогарлик қилишга ҳозирланмоқда. Уларнинг 51 нафари Ўзбекистон, қолган 11 нафари Туркманистон ва Қирғизистон вакиллари ҳисобланади.

Умумий мукофот жамғармаси 70 минг АҚШ долларидан иборат турнир 9 турдан иборат этиб белгиланган.

Бугун халқаро турнирнинг “Masters" гуруҳи 1-тур баҳсларида ўзбекистонлик шахматчи қизлар рақиблари билан қора доналарда куч синашади. Афруза Ҳамдамова Лея Гарифуллина, Гулруҳбегим Тоҳиржонова Ульвия Фаталиева, Умида Омонова Юлия Осмак қаршилигини енгишга ҳаракат қилади.

Шу йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси олдидан муҳим тайёргарлик босқичи ҳисобланган мазкур турнир 14 мартга қадар давом этади.

Т.Рўзиев,

ЎзА