Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Шуҳрат Вафоев ҳамда “WizzAir Abu Dhabi” (БАА) бошқарувчи директори Майкл Берлуи бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
“WizzAir Abu Dhabi” – Абу Даби халқаро аэропортида жойлашган кам бюджетли авиакомпания бўлиб, Бирлашган Араб Амирликларининг “Abu Dhabi Developmental Holding сompany” ADQ давлат инвестиция компанияси ҳамда “Wizz Air Holdings” халқаро холдинг томонидан ташкил этилган қўшма корхонадир.
Мулоқот давомида авиакомпаниянинг Абу-Даби – Тошкент – Абу-Даби ва Абу-Даби – Самарқанд – Абу-Даби йўналишларида ҳар бир йўналиш бўйича ҳафтасига 4 рейсдан иборат мунтазам қатновни йўлга қўйиш бўйича эришилган келишувнинг аҳамияти ва долзарблиги алоҳида таъкидланди. Парвозлар жорий йил 4-чорагидан бошлаб амалга оширилиши режалаштирилган.
Арзон нархда хизмат кўрсатувчи “WizzAir Abu Dhabi” компанияси раҳбарияти кам бюджетли парвоз йўналишларини кенгайтириш бўйича келгуси режалари билан ҳам ўртоқлашди. Хусусан, янги рейслар ишга тушиши БАА ва Ўзбекистон ўртасида ҳаво транспортига бўлган талабни қондиради, бюджет нархи сегментида чипталарнинг оммабоплигини таъминлайди, икки мамлакат ўртасида йўловчи ташиш ҳажмини оширади.
Бу, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашади.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича аниқ тадбирларни белгилаб олди.
М.Пирматова, ЎзА