Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
WHX Dubai – сирдарёлик шифокорлар учун халқаро тажриба мактаби
11:18 / 2026-02-18

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиали директори Шаҳло Хожаева бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 9–12 февраль кунлари Бирлашган Араб Амирликлари, Дубай шаҳрида бўлиб ўтган World Health Expo (WHX) Dubai 2026 кўргазмаси ва халқаро ўқув семинарларида иштирок этди.

Мазкур нуфузли тадбир жаҳон соғлиқни сақлаш соҳасидаги йирик халқаро платформалардан бири ҳисобланиб, унда 180 дан ортиқ мамлакатдан минглаб мутахассислар, етакчи компания ва ташкилотлар қатнашди. Кўргазма доирасида замонавий диагностика воситалари, рақамли соғлиқни сақлаш ечимлари, сунъий интеллектга асосланган технологиялар ҳамда илғор тиббий ускуналар намойиш этилди.

Сирдарёлик мутахассислар халқаро ҳамкасблар билан фикр алмашиб, соғлиқни сақлаш инфратузилмасини такомиллаштириш, беморга йўналтирилган хизмат кўрсатиш моделларини жорий этиш ҳамда илғор технологияларни амалиётга татбиқ этиш бўйича тажриба орттирдилар.

Шунингдек, делегация ICI халқаро аккредитация тизими томонидан ташкил этилган семинарларда иштирок этди ва тиббий хизмат сифати, муассасалар фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда замонавий даволаш усулларини қўллаш бўйича амалий билимларга эга бўлди.

Филиал директори Шаҳло Хожаева таъкидлашича, мазкур анжуман сирдарёлик шифокорлар учун катта тажриба мактаби бўлди.

–  World Health Expo халқаро кўргазмаси ва ўқув семинарлари бизга замонавий тиббиёт ютуқларини бевосита ўрганиш, ривожланган давлатлар тажрибаси билан яқиндан танишиш имконини берди. Айниқса, рақамли соғлиқни сақлаш, сунъий интеллектга асосланган диагностика тизимлари ва тиббий хизмат сифати бошқарувидаги илғор ёндашувлар катта таассурот қолдирди. Бу билим ва тажрибаларни Сирдарё вилояти тиббиёт муассасалари фаолиятига босқичма-босқич жорий этишни режалаштирганмиз, –  деди Шаҳло Хожаева.

Мазкур халқаро тадбир сирдарёлик тиббиёт ходимлари учун билим ва тажриба алмашиш, замонавий ёндашувларни амалиётга кенг жорий этиш ҳамда тиббий хизмат сифатини янада оширишга хизмат қилади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири