Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Webmoney ўрнини нима эгаллаши мумкин?
18:51 / 2022-11-01

Webmoney халқаро тўлов тизими Ўзбекистонда электрон тижорат ривожланишига катта таъсир кўрсатди. Тизим мисли кўрилмаган молиявий эркинликни тақдим этди. Webmoney МДҲдаги биринчи тўлов тизими бўлиб, фойдаланувчиларга электрон пуллар ёрдамида бир-бирлари билан ҳисоб-китоб қилиш имкониятини берди.

Унга 1998 йилда асос солинган. Тизим фойдаланувчилари турли валюталарда рақамлаштирилган пул маблағлари, электрон ҳамёнлардан фойдаланишлари мумкин эди. Электрон ҳамёнларнинг ҳар бир тури кафил компанияга эга. Илгари Ўзбекистоннинг Click ва Payme каби машҳур мобил банкинг тизимлари Webmoney билан фаол ҳамкорлик қилган. Шунинг учун фойдаланувчи маҳаллий тўлов картасига эга бўлиши кифоя эди.

Аксарият юртдошларимиз ҳали ҳам электрон дўконларга ишонмай, маҳсулотни сотиб олишдан олдин уни “ушлаб кўришни” афзал кўради. Маҳаллий тадбиркорлар эса бундан фойдаланиб қолди. Ўзбекистонга Хитой ва Туркиядан тонналаб жўнатмалар кела бошлади. Ушбу товарларнинг аксарияти минг АҚШ долларидан кам қийматда бўлганлиги сабабли божхона тўловларига тортилмади. Кейинчалик божсиз келтириладиган товарлар лимити қисқартирилди ва ғайриқонуний йўллар бартараф этилди. Webmoney бизнес учун аҳамиятини йўқотди, аммо оддий фойдаланувчилар орасида машҳурлигича қолаверди.

Webmoney билан боғлиқ илк муаммолар 2021 йил декабрь ойида бошланди. Рублдаги ҳамёнлар (Р ва R тури) учун электрон пул маблағларини тўлдириш ва ўтказиш бўйича барча амалиётлар ярим йилга тўхтатилди. Буларнинг барчасига Россия Марказий банки томонидан Webmoney рублдаги ҳамёнлари учун ҳисоб-китоб банки сифатида иштирок этадиган Консерватив тижорат банкига берилган кўрсатма айбдор.

«Кредит ташкилотининг фаолияти унинг яширин қимор бизнесига, молия бозорининг ноқонуний иштирокчиларига хизмат кўрсатишга жалб этилиш хавфи ортиши билан тавсифланган», — дея келтирилади Россия Марказий банки сайтидаги хабарда.

Кўп сонли Россия хизматлари тизимдаги чекловларга нисбатан биринчилардан бўлиб жавоб берди. Улар зудлик билан ўз хизматлари учун тўлов усулларидан Webmoneyни чиқариб ташлади. Шу тариқа, ўзбекистонлик фойдаланувчилар Россия сервислари хизматлари учун тўловни амалга ошира олмади, лекин Хитой ва Туркия электрон савдо майдончаларида товарларни ҳарид қилишда давом этди. 2022 йилнинг январь ойида электрон пул тизимлари барча хорижий электрон дўконларни қабул қилишни тўхтатди, бу эса уларни фойдасиз ҳолатга келтирди.

Webmoney муқобилини топиш мураккаб вазифага айланди. Ҳозирда мамлакатимизда Master Card ва Visa пластик карталарини ҳарид қилиш мумкин, аммо улар Webmoneyнинг барча имкониятларини тақдим эта олмайди. Улар билан Россия ҳудудида жойлашмаганлик шарти билан барча машҳур чет эл интернет дўконлари ва сервисларида харидларни амалга ошириш мумкин.

Яна бир муқобил – Россиянинг «ЮМоney» электрон тизим хизматидир. У ҳам россияликлар учун яратилган, ундан фақатгина Россия рақамидаги телефон бўлсагина фойдаланиш мумкин. Бу айрим уддабурон ёшларнинг Ўзбекистонда «ЮМоney» ҳамёнларини рўйхатдан ўтказиш бўйича бизнесини ташкил этишга тўсқинлик қилмади. Улар ҳудудий чекловларни қандай четлаб ўтаётгани номаълум, бироқ хизмат нархи 400 минг сўмдан бошланади.

Роман БОНДАРЧУК, ЎзА