English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
WE-Finance Code халқаро ташаббусининг бир йиллик натижалари кўриб чиқилди
14:56 / 2025-09-15

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорликка жалб этиш масаласига ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда.

Марказий банк бу борада фаол иштирок этиб, аёллар тадбиркорлиги бўйича молиявий кодекс – WE-Finance Code халқаро ташаббусини Ўзбекистонда жорий этди.

Бугун Марказий банкда Ўзбекистонда жорий этилган WE-Finance Code халқаро ташаббусининг бир йиллик натижаларига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ўтган йилда Европа Тикланиш ва тараққиёт банки ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан имзоланган ўзаро англашув Меморандумига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки мамлакатда WE-Finance Code ташаббусини жорий этиш бўйича асосий мувофиқлаштирувчи этиб белгиланган.

[gallery-25303]

Ушбу ташаббус бугунги кунда дунёнинг 30 дан ортиқ давлатида амалга оширилмоқда. Марказий Осиёда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Мўғулистонда илгари сурилмоқда. Ўзбекистон ушбу ташаббус доирасида Миллий Низом ишлаб чиққан минтақадаги биринчи давлат сифатида эътироф этилди.

—Марказий банк томонидан Аёллар тадбиркорлиги бўйича молиявий кодекс (We-Finance Code) халқаро ташаббусини жорий этиш доирасида Миллий Низом ишлаб чиқилди, — дейди Марказий банк молиявий оммабоплик бўйича бош директор Дилбар Абдуғаниева. —  Ушбу Низом мамлакатимизда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга йўналтирилган институционал ёндашувни шакллантиришга хизмат қилади. Аёллар тадбиркорлиги бўйича молиявий кодекс доирасида Миллий Низом Ўзбекистонда манфаатдор томонларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириб барқарор экотизим яратиш, статистика таҳлилига асосланган гендер тенглиги бўйича сиёсатларни амалга ошириш, халқаро майдонда ислоҳотларни намоён этиш ҳамда мамлакатимиз нуфузини мустаҳкамлашга имконият яратади.  

Шунингдек, аёллар тадбиркорлиги бўйича молиявий кодекс тамойилларини амалга ошириш жараёнида мониторинг, баҳолаш ва ҳисобот берилади. Аёллар тадбиркорлиги бўйича молиявий кодекснинг барча иштирокчилари ўз ваколатлари ва зиммасига олган мажбуриятлари доирасида молиявий оммабопликни ривожлантириш ҳамда аёл тадбиркорлар учун тенг имкониятларни таъминлашга муносиб ҳисса қўшади. Бир йиллик натижаларга тўхталадиган бўлсак, бундай ёндашув туфайли юзлаб аёллар ўз фаолиятини йўлга қўйиб, янги иш ўринлари яратмоқда, иқтисодиёт ривожига ҳисса қўшмоқда.

Бу ютуқ халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистоннинг инклюзив иқтисодий сиёсатни ривожлантиришдаги мамлакат имижини мустаҳкамловчи йирик қадамлардан бири сифатида алоҳида таъкидланди.

Тадбирда миллий ва халқаро экспертлар, банк ва молиявий ташкилотлар, давлат идоралари, шунингдек, халқаро ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Йиғилиш доирасида Ўзбекистонда ташаббусини жорий этиш жараёнида эришилган натижалар аёллар раҳбарлиги бўйича гендер статистикани акс эттирувчи янги маълумотлар платформаси (dashboard) тақдим этилди.

Шунингдек, кодекс имзоловчилар томонидан тақдим этилган мажбуриятномалар (Commitment letters) ва уларнинг амалда бажарилиш жараёни муҳокама қилинди.

WE-Finance Code ташаббусининг йиллик натижалари нафақат аёллар тадбиркорлиги учун янада кенг имкониятлар очади, балки мамлакат иқтисодиётида инклюзивлик ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга замин яратади.

Ш.Маматуропова,

О.Пардаев (сурат),

ЎзА