WBC рейтинги: 8 нафар профессионал боксчимиз кучлилар қаторида
Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC) томонидан эълон қилинган янгиланган рейтингда ўзбекистонлик саккиз нафар чарм қўлқоп устасининг номи келтирилди.
Жумладан, энг оғир вазн тоифасида ўз истеъдодини намойиш этиб келаётган Баҳодир Жалолов 11-поғонадан 10-ўринга кўтарилгани қайд этилди.
Энг ўрта вазнда ўзига хос бокс санъати билан халқаро майдонда ном қозонган Бектемир Мелиқўзиев уч поғона юқорилаши ортидан 7-ўринни банд этди.
Профессионал бокснинг икки йўналишида жаҳон чемпионлигига эришган Муроджон Аҳмадалиев WBC рейтингидаги кўрсаткичини 12-қатордан 10-ўринга яхшилашга эришди.
Отабек Холматов эса 9-ўриндан 10-қаторга пасайган бўлса, энг оғир вазн тоифасида эндигина профессионал боксда фаолиятини бошлаган Лазизбек Муллажонов ҳам кўриниш берди. Муллажонов номи 32-қаторда келтирилди.
Т.Рўзиев, ЎзА