Ҳамкорларимиз саҳифаларида
БАА ахборот агентлиги (WAM) кўп маданиятли жамиятларда бағрикенглик ва ўзаро розилик муҳимлигини таъкидлаш учун ўз кампаниясини бошлади.
У БААдаги бағрикенгликнинг турли кўринишларини намойиш этувчи бир қатор янгиликлар ва интервюларни ўз ичига олади. Кампания шунингдек, бағрикенглик хартиясидан иборат бўлиб, бутун дунё бўйлаб ОАВда бағрикенглик масалаларини ёритишга чақирилган. Ҳаракат “Бутунжаҳон медиа конгресси”нинг бағрикенг жамиятларни барпо этишда оммавий ахборот воситаларининг ролига бағишланган махсус сессияси билан якунланади.
WAM 2 ноябрдан бошлаб бағрикенглик бўйича қатор мақолаларни нашр этишни бошлайди.
Бутун дунё бўйлаб 16 ноябрда халқаро бағрикенглик куни нишонланади. Бу йил ушбу кун “Бутунжаҳон медиа конгресси”га тўғри келмоқда, унда бағрикенг жамиятларни барпо этишда оммавий ахборот воситаларининг ролига бағишланган махсус сессия бўлиб ўтади. Биз миллатлараро тотувлик ҳақида хабардорликни ошириш масаласини муҳокама қилдик ва бу кампания ғояси туғилди, деди БАА ахборот агентлиги (WAM) бош директори, “Бутунжаҳон медиа конгресси” олий ташкилий қўмитаси раиси Муҳаммад Жалол Ар-Райсси. – Келгуси бир неча ҳафта ичида биз БААдаги бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъкидлайдиган қатор қизиқарли хикоялар ва интервюларни нашр этамиз. Толерантлик мавзуси маҳаллий ва халқаро миқёсда ОАВда кенг ёритилгани сир эмас. Сўнгги бир неча йил ичида маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари БААдаги бағрикенглик ҳақида бир нечта қизиқарли мақолаларни нашр этди. Рим Папасининг 2019 йилда Абу-Дабига ташрифи, Инсонлар биродарлиги ҳақидаги ҳужжат, Иброҳимлар оиласи уйи, Абу-Дабидаги буюк ҳинд ибодатхонасининг қурилиши, яқинда Дубайда яна бир ҳинд ибодатхонасининг очилиши шулар жумласидандир. ОАВ БААни уйғунлик ва инсонпарварлик воҳаси сифатида ажратиб турадиган плюралистик ахлоқни таъкидлайди. Ушбу кампания ҳақида ўйлар эканмиз, бошқа ахборот агентликлари билан ҳамкорлик қилиш зарурлигини ҳис қилдик. Биз бутун дунё бўйлаб ўнлаб агентликлар билан боғланиб, мамлакатларимиз ва жамиятларимизни бағрикенглик ва хилма-хилликни қабул қилиш учун ҳамкорликка чорлаймиз. Биз таклиф қилаётган “бағрикенглик хартияси”ни кўплаб ахборот агентликлари имзолади. Ушбу низом ҳар бир томоннинг янгиликлар, интервьюлар, ҳужжатли фильмлар ва ҳоказолар орқали бағрикенгликни тарғиб қилишга тайёрлигини тантанали равишда эълон қилади. Кўпгина ахборот агентликлари дарҳол ўзларининг янгиликларида ушбу мавзуга эътибор беришни бошладилар. Биз бундан бағоят жуда ҳурсандмиз. Ишонамизки, ОАВ тор, зўравон мафкуралар ва диний экстремизм билан бўлинган дунёда, албатта, қутқарувчи роль ўйнайди. Янгиликларда нафрат ва бўлиниш ҳақида хабар бериш ўрнига, нега биз кўплаб динлар, маданиятлар ва дунёқарашлар нафақат гуллаб-яшнаши, балки бир-бирини бойитиши ва мустаҳкамлаши ҳақидаги ажойиб ҳикояларга эътибор қарата олмаймиз? WAM ўқувчилари БААнинг мамлакатдаги уйғунлик ва бирликнинг ажойиб кўринишларини акс эттирувчи кўплаб ҳикояларини ўқишлари мумкин. Биз буни ўзимизни яхши эканимизни кўрсатиш учун эмас, балки баркамол, тинч ва бағрикенг жамиятларгина барқарорлик ва фаровонликка эришиши мумкинлигини одамларга етказиш учун қиляпмиз. Агар 200 миллат вакиллари БААни ўз уйи сифатида танлаган бўлса, демак уларни бу ерга нимадир жалб қилган. Жалб этувчи омил бу уйғунлик ва бағрикенглик маданиятидир.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА