Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
WAKO Жаҳон кубоги Тошкентда ўтади
12:06 / 2026-02-03

Бутунжаҳон кикбоксинг ташкилотлари ассосиацияси (WAKO) 2026 йил давомида ўтказиладиган энг нуфузли халқаро мусобақаларнинг расмий тақвимини эълон қилди.

Унга кўра, жорий мавсумда кикбоксинг бўйича халқаро турнирлар, миллий чемпионатлар, Жаҳон кубоги босқичлари ҳамда ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати дунёнинг турли мамлакатларида ташкил этилади. Мазкур мусобақалар спортчилар учун халқаро тажриба орттириш, рейтинг очколарини жамғариш ҳамда мавсумнинг асосий стартларига тайёргарлик кўришда муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу мусобақалар орасида WAKO Жаҳон кубоги босқичлари дунё кикбоксингчилари ўртасида алоҳида аҳамиятга эга. Айниқса, мазкур кубок беллашувларининг бири Ўзбекистонга ишониб топширилгани мамлакатимизда кикбоксинг спорт турига қаратилаётган юксак эътиборнинг яққол ифодасидир. Аниқроқ айтганда, жорий йилнинг 6–11 октябрь кунлари WAKO World Cup мусобақаси Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.

Қуйида WAKO Жаҳон кубоги босқичлари бўлиб ўтадиган саналар ва мезбон мамлакатлар келтирилади:

10–15 март — Италия;

7–12 апрель — Таиланд;

13–17 май — Туркия;

27–30 август — Венгрия.

Шунингдек, 18–27 сентябрь кунлари Италияда болалар, кадетлар ва ўсмирлар ўртасида Жаҳон чемпионати ўтказилади. Мазкур мусобақада мамлакатимизнинг ёш кикбоксингчилари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА