Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) спортчиларни, уларни қўллаб-қувватловчи шахсларни ва барча манфаатдор томонларни 2024 йилги асосий ўзгаришлардан бири бўлган "Трамадол"га алоҳида аҳамият беришга чақиради.
WADA манфаатдор томонларга жорий йил 1 январдан бошлаб 2024 йилги тақиқланган моддалар ва усуллар рўйхати ҳамда 2024 йилги мониторинг дастурининг кучга киришини эслатиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, 2024 йилги тақиқланган рўйхат WADA Ижроия қўмитаси томонидан 2023 йил 22 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида тасдиқланган ва биринчи марта 2023 йилнинг 28 сентябрь куни эълон қилинганди.
Рўйхат Бутунжаҳон антидопинг кодексини имзолаган барча мамлакатлар учун мажбурий бўлган саккизта халқаро стандартлардан бири бўлиб, унда мусобақа ва мусобақадан ташқари даврларда қандай моддалар ва усуллар тақиқлангани ва қайси моддалар алоҳида спорт турларида тақиқлангани кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024 йилги тақиқланган рўйхатга киритилган асосий ўзгаришлар эълон қилинган эди.
Таъкидлаш керакки, рўйхатдаги тақиқланган модда ёки усулдан қонуний тиббий сабабга эга бўлган спортчилар истисно тарзида терапевтик мақсадларда фойдаланишлари мумкин. Бунинг учун спортчи ва унинг шифокори томонидан терапевтик истисно (TI)лар халқаро стандартида кўрсатилган мезонларга жавоб берадиган ариза юбориш талаб этилади. TI дастури элит спортнинг қатъий ва зарурий қисми бўлиб, унга спортчилар, шифокорлар ва антидопингга қарши манфаатдор томонлар томонидан юборилган махсус ариза шаклини кўриб чиқиш орқали рухсат берилади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон миллий антидопинг агентлиги WADA томонидан эълон қилинган рўйхат асосида мамлакатимиз спортчи ва мураббийларини "Париж-2024" Олимпиадаси олдидан ўтказиладиган саралаш мусобақалари, чемпионатлар, турнирлар жараёнида ўтадиган ўқув-машғулотларда, кундалик ҳаёт тарзида қабул қилинадиган дори-дармонларга эътиборли бўлишни эслатиб ўтди.
Т. Рўзиев, ЎзА